Жамият | 11:59 / 22.03.2017
55348
2 дақиқада ўқилади

Олмаота-Тошкент тезюрар поезди йўлга тушди (фото)

“Олмаота-2” темир йўл вокзалидан Олмаота-Тошкент тезюрар поездининг илк рейси йўлга чиқди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Поезд Қозоғистонда ишлаб чиқарилган 29та "Тулпор-Тальго" вагонларидан иборат. Поездда тўрт синфдаги вагонлар бор. "Люкс" вагонлар душ хоналари, санитария узели ва телевизорлар билан жиҳозланган. Ҳар биридаги ўриндиқлар икки кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, вагонлар имконияти чекланган йўловчилар талабига максимал даражада мослаштирилган. 

Икки ўринли бизнес-синфидаги купе юз-қўлларни ювгичлар ва икки қўшни купени биттага бирлаштириш имконига эга. Бу фарзандлари билан йўлга чиққанлар учун қўл келади. Тўрт ўринли купе вагонларининг майдони ҳам, ўрин жойлари ҳажми ҳам катталашган. Иқтисод-синфидаги икки вагоннинг ҳар бирида 36та ўрин бор – ихчам ўриндиқлар ва кенглик анча ҳамёнбоп нархда қулай шарт-шароитларда сафар қилиш имконини беради. Бундан ташқари, поездда алоҳида вагон, вагон-ресторан ва вагон-бар ҳам бор.

"Казахстан темир жолы" (КТЖ) АЖ вице-президенти Эрик Имашевнинг сўзларига кўра, янги йўналиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президентининг келишуви асосида ташкил этилди. “Темир йўллари бирлаштириши керак, ҳамда янги йўналишнинг ишга туширилиши икки халқнинг ўзаро яқинлашишига янада туртки беради”, - деган Эрик Имашев. 

Поезд Олмаотадан душанба ва шанба кунлари, Тошкентдан сешанба ва якшанба кунлари йўлга чиқади. Манзилга 16 ярим соатда етиб боради. Поезд йўл давомида Отар, Чу, Тараз, Чимкент, Сариоғоч станцияларида тўхтаб ўтади.

Остона ва Тошкент имконияти чекланган ҳамда уларга ҳамроҳ йўловчилар учун 70 фоиз миқдорида чегирма бериш тўғрисида келишиб олишди.

 

Мавзуга оид