21:21 / 29.03.2017
6598

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Корея Республикаси вазири билан учрашув ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, таълим вазири Ли Жун Сук раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимов Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Корея Республикаси илм-фан, инновация ва ахборот технологиялари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. 

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигининг яққол намунасидир. Ушбу университетда ахборот технологиялари, инжиниринг, логистика каби замонавий йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Ўзбекистон олий ўқув юртлари Корея Республикасининг ўттиздан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қатор таълим масканларида корейс тили ва маданияти марказлари очилган. Жанубий Кореянинг Тэгу ва Пусан чет тиллари университетларида ўзбек тили, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Самарқанд давлат чет тиллари институтларида корейс тили ўргатилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, биргаликда янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, санъат ихлосмандлари иштирок этди. Ўзбек ва корейс халқларининг мумтоз куй-қўшиқ ва рақслари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Top