20:10 / 25.04.2017
28032

Тошкентда кескин танқид қилинган тату-фестиваль ўтказилмайдиган бўлди. Уни ўтказмоқчи бўлган клубга назорат гуруҳи борди

Жамоатчилик назорати гуруҳи Тошкент шаҳар Юнусобод-11 мавзесида жойлашган “LIKE BAR” ёшлар ҳордиқ чиқариш клубига жамоавий ташриф уюштирди. Бу ҳақда Кун.uz’га Маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими хабар берди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ф.Абдураҳимова топшириғи ижроси юзасидан 2017 йил 24 апрель куни Тошкент шаҳар прокуратураси бўлими бошлиғи Дилмурод Бойметов, Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси подполковник Отабек Шарипов, шаҳар Давлат Солиқ бош бошқармаси қисқа муддатли текширувларни ташкил қилиш бўлими катта инспектори Владимир Юсупов, шаҳар Давлат Санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори биринчи ўринбосари Бекзод Адилов, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ахрор Максудов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси Акмал Жумабоев ҳамда Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат кенгаши масъул котиби Баходир Хаитматов раҳбарлигида Тошкент шаҳар Юнусобод-11 мавзесида жойлашган “LIKE BAR” деб номланган ёшлар ҳордиқ чиқариш клубига жамоавий ташриф уюштирилди.

“Witty Trade” масъулияти чекланган жамияти кўринишида  рўйхатдан ўтказилган “LIKE BAR” ёшлар клуби узоқ йиллар давомида Юнусобод тумани Юнусобод-11 мавзеси “Mega Planet” йирик савдо мажмуаси ёнида фаолият кўрсатиб келади.

“Like Bar” ички кўриниши, хусусан, клубда жойлаштирилган фотолавҳалар ва реклама материаллари ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

“Like Bar”даги фотолавҳалар ва сюжетлар ахлоқсизлик ҳамда бузуқликни тарғиб  қилади, шунингдек мебель жиҳозлари танлаб олиниши, зинапоялар дизайни, алкоголь маҳсулотлар савдоси шохобчаси кўриниши, қолаверса, девор аксессуарлари ҳар қайси инсонни енгил-елпи ҳаёт кечиришга даъват қилади.

“Witty Trade” масъулияти чекланган жамияти директори Тамара Каприянова ҳамда таъсис этувчиси Александр Миренский билан мижозларга хизмат кўрсатиш залида суҳбат уюштирилди. Бунда минг афсуски, баъзи ёшлар ҳанузгача салбий иллатларга  берилаётгани, ота-онаси ва ёши катталарни беҳурмат қилаётгани, ўзи учун яшаётгани, ён-атрофидагилар, маҳалласига, ўқитувчи ва мураббийларга, яқинларига ёрдам бермаётгани, мантиқсиз ва мақсадсиз ҳаёт кечираётгани хусусида, шундай “адашган” ёшларни жамиятга қайтариш, улар ҳаётига маъно-мазмун бағишлаш, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб ўстириш йўлида ташкил этилаётган хайрли ишларга болта ураётган, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар  хусусида “Like Bar” раҳбарларига тушунча берилди, саволларига жавоб қайтарилди.  

“Witty Trade” МЧЖ бош директори Тамара Каприянова ҳамда таъсис этувчиси Александр Миренский билан ташкил этилган суҳбат давомида уларнинг ташаббуси билан шу кунларда ўтказиш режалаштирилган ҳамда Интернет тармоғи орқали эълон қилинган “ТАТУ Фестивали”ни дарҳол тўхтатиш зарурлиги, ушбу тадбир ўз моҳиятига кўра ёшлар онгига, тарбияси ва хулқига салбий таъсир кўрсатаётгани хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.

Суҳбат натижасида “LIKE BAR” клуби раҳбарлари Т.Каприянова ва А.Миренский татуировка фествалини тўхтаётгани, бундай номақбул тадбирларни бошқа ўтказмаслиги, ҳар қайси оммавий тадбирни Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан маслаҳатлашиб, сўнг ўтказиши, Интернет тармоғида жойлаштирилган эълонларни қайтариб олиши тўғрисида сўз берди, бундан ташқари, клуб ички ва ташқи реклама воситаларини  бошқатдан кўриб  чиқиб, уларни эзгу ғоялар билан бойитишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Кун.uz нашри 2017 йилнинг 17 апрель куни ҳам бу тадбир ҳақида алоҳида мақола эълон қилганди. “Чизгилар ортидаги ёвузлик” ёки Тошкентда тату-фестиваль кимга керак?” сарлавҳали мақолада Шарқ цивилизациясининг гултожи саналмиш ўзбек маданиятига ёт бўлган бундай ҳолатларни фестивал даражасида ўтказилиши кескин қораланди.

Маълумот учун, назорат гуруҳининг юқоридаги ташрифи давомида “Like Bar”нинг ички кўриниши тасвирланган қатор фотосуратлар олинди. Бироқ таҳририят ушбу фотосуратлар ўзбек маданиятига зидлиги сабаб, уларни эълон қилмасликни лозим топди.

Top