10:20 / 10.05.2017
47353

Дорихоначи мурожаати: «Инсофини еб қўйганлардан эмасмиз»

Фото: Getty Images

 

«Кун.uz» таҳририяти почтасига дорихоначилардан бири ўз соҳасида учраётган муаммоларни баён этиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф билдириб, хат ёзди. Ушбу хат жузъий тузатишлар билан келтирилади.

«Ассалому алайкум, Kun.uz таҳририяти ходимлари.

Сайтингизнинг мавқеи бутун Ўзбекистон бўйлаб кундан-кунга ортиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ишингизга бундан-да улкан ривожлар тилаган ҳолда, бир мақолани эълон қилишингизни ўтиниб сўраб қоламан. Агар сайтингизда ёритмасангиз юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлиб қоламан. Сиздан илтимос қилардимки, эҳтиёт шарт сифатида мақола муаллифи ва манзилини кўрсатмасдан эълон қилишинг, чунки аминманки, кўплаб ҳамкасбларимнинг номидан мурожаат қилаяпман ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни баён этмоқчиман. 

Мен тадбиркор сифатида 2013 йилнинг ноябрь ойида рўйхатдан ўтганман. Корхонамнинг фаолият тури: дорихона. 

Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ-2647-сонли «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори чиқиши билан дорихоналар устидан текширишлар ва босим кучайди. ОАВда ҳам, кўчада ҳам ва ҳоказо. 

Негадир ОАВда ва фуқаролар назарида дорихоналар, уларнинг фаолияти ва дорихоналарнинг раҳбарларию сотувчиларигача муттаҳам, қиммат нархда сотувчи, халқни пулини ноўрин ейдиган бўлиб кўринишини сезиб қолдим. Бу ҳақда кўп ва хўп гапирилмоқда. Шу вазият мени қўлимга қалам олишга мажбур қилди. 

Ушбу масалага бошқа тарафдан қараб кўрсак-чи, ростданам шундайми? Ростдан ҳам дорихоначилар шунчалик осон пул топиб, муаммосиз бойиб кетишмоқдами? 

1. Энг аввало бизни дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлайдиган фирмалар ҳақида тўхталсам. 

Ўтган 2016 йилнинг ёз палласида «Инфезол» 40, 250 мл (Германия) инфузияси Самарқанднинг «Соната Ҳолдинг» фирмасида тахминан 41.000 сўм, Ўзбекистон «Дори Дармон» компаниясида тахминан 16.500 сўм, «Версус» фирмасида эса тахминан 36.500 сўм атрофида.

Эътибор беринг, нега ҳамма таъминотчи фирмаларда битта дорининг нархи ҳар хил?! Ахир ўша дори Германиядан бир хил нархда чиқади-ку? Бу саволга ким жавоб беради? 

Жавоб беришди... ДВСНҚББ ходимлари томонидан янграган жавоб қуйидагича бўлди: эмишки, «Дори-Дармон» компанияси конвертация ҳисобидан долларни давлат курсида олармиш тахминан 3.500 сўм атрофида, қолган фирмалар эса долларни баландроқ нархда биржадан сотиб олармиш — 11.000 сўм атрофида. Демак, нархлардаги 3 баравар тафовут шу ернинг ўзида. 

Шу масала юзасидан «Дори-дармон АК»дан «Инфезол» олай, деб бордим ва таниш-билиш қилиб, зўрға 10 флакон «Инфезол» 40/250 олдим. Дорихонам учун 10 флакон «Инфезол» уч кунга етади. Қолган «Инфезол»ни кимдан ва қаердан оламан?

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша олган 10 флакон инфезолимга 50 фоиз «нагрузка» товар беришди: яъни, бизда ва умуман, туманимизда сўралмайдиган, ҳеч ким олмайдиган ва сотолмаслигимиз аниқ бўлган онкологик дори воситаси. Яроқлилик муддати — бор-йўғи бир ой қолган. Яна қўшимча равишда 11 фоиз жами товарлар суммасига «нагрузка» беришди. 

Бундан чиқадики бир флакон «Инфезол»га жами 61 фоиз «нагрузка» берилмоқда. Кетмайдиган дориларни харажатини қоплаш учун, биз «нагрузка»ларнинг суммасини ва ўз устамамиз (20 фоиз) ни устига қўйишимиз керак. Демак 16.500 + 81% = 29.865. Шунда ҳам «Соната», «Версус» каби фирмаларникидан арзон чиқмоқда сотувга. Энди ўша 10 та дорини уч кунда сотсам, қолганини қайдан оламан?

2. Доллар курси.

Норасмий доллар курси ҳар сафар ошганда фирмалардаги нархлар ҳам ошиб кетади. Буни ким назорат қилади. Нега ошади? Базанинг фактурадаги нархи қандай қилиб бир партия товарникидан иккинчисига ўзгариши мумкин. 

Бу нима дегани? Мисол учун, 1000 сўмга «Аспирин» олиб, 1200 сўм қилиб савдога чиқардим, дейлик. Мен ўша 1200 сўмлик «Аспирин»ни сотаётганимда доллар курси ошиб қолди. Шунда фирмадаги «Аспирин» нархи 1500 сўм бўлиб қолади. Мен 1200 дан сотиб, 1500 дан олишимга тўғри келиб қолади. Қонун бўйича ундай қилолмайман. Бу эса — зарар кўриш, дегани. Тадбиркор, нима, ўз зарарига ишлаши керакми?

3. Дори таъминоти масаласи.

Нега пул кўчириш йўли билан ишлайдиган фирмаларда ҳеч қачон «Актовегин» инъекцияси, «Инфезол 40/250», «Конкор 5», «Реосорбилакт 250» ва ҳ.к. шунга ўхшаш дорилар бўлмайди? Пул кўчириш йўли билан сотилса ҳам, нақд пулга олинганидан 1,5–2 баробар қиммат бўлади. Нақд пулга бу камёб дорилар ҳоҳлаганингизча бор ва нисбатан арзон. Мен эса нақд пулга ололмайман: биринчидан — бунча товарни олишга нақд пулим йўқ. Иккинчидан — қонунга зид.

Дорихоналар тармоғи пластик 100 фоиз ўтадиган камсонли савдо нуқталаридан бири, яъни устамасиз ўтади. Мен ўша дориларни олмасам, бошқа рақобатчи дорихоналар олади. Бу ҳолатда мен дори сотмай ўтиришим керакми? Табиийки, бу жараён нақд пулни кассадан беркитиш орқали амалга оширилади. Қолаверса, сўнгги пайтларда нақдга олган дориларимнинг 80 фоизи пластик карта орқали сотиляпти. Бунга нима дейсиз?!

4. Нақд пул масаласи. 

Нақд пул бизга нега кераклигини юқорида айтиб ўтдим. Қолаверса, кундалик харажатлар: йўлга, овқатга, кийимга ва бошқаларга нақд пул керак. Пластикка айрим жойларда савдо қилинади, лекин 15–25 фоизгача устама билан. Бензин ўзи биз томонларда колонкаларда сотилмай қўйилганига анча бўлган. Бори ҳам фақат қўлда ва нақд пулга. 

Ана шу нақд пул масаласи бўйича бизни орган ходимлари ва ҳокимият тумшуғимиздан илинтириб олиб, муттаҳам қилиб қўйибди.

Нима мен «ўғри»манми? Уларни наздида — «Ҳа». Чунки пулнинг ҳаммасини топширолмайман. Ахир мен хоҳламайманми тўғри ишлашни?! Жудаям хоҳлайман! Қанийди, савдодан тушган ҳамма пулимни банкка 100 фоиз топширсам-у, ҳисобимдаги пулни ҳоҳлаганимча ишлатсам...

Яқинда уйимни таъмирлатдим. Бир хонанинг оддий ремонтига ўртача оддий таъмирга 4,5–5 млн. сўм кетди. Ҳамма қурилиш материаллар нақдга! Пластикка анча қиммат ёки йўқ. Нега мен пластикка, қимматроққа олишим керак? Нега «қурилиш молларининг нархи қиммат», демайди ҳеч ким? Нега ҳисобимдаги пулга ўзим ҳоҳлаган машинани «шапка»сиз ололмайман?

5. Тадбиркорга эркинлик масаласи. 

Қўл остимда 5 киши ишлайди. Ҳаммасига нисбатан яхши маош тўлайман. Мен — раҳбарман. Эркин бўлишим учун ҳам тадбиркор раҳбар бўлганман. Туманимизда йўқ, топилмайдиган дориларни узоқ вилоятлардан топиб келиб, сотаман. Ўша танқис дориларни пули туманимиз ғазнасига фойда бўлиб тушади. Аҳолига хизмат кўрсатаман. Бир қанча оила мени корхонам орқасидан даромад олади. Ҳар чоракда 60-70 млн. сўм солиқ тўлайман. Ўйлайсизки, орган ходимлари ва амалдорлар мендек тадбиркорни ардоқлаб, бошларида кўтариб юришибдими?! Йўқ! Уларнинг наздида, мен айбдор, муттаҳам, ўғриман! 

1 ойда 6 мартадан 10 мартагача ҳокимиятга — мажлисга чақиришади. У ерда бизга медал беришмайди, албатта. Асосан, солиқчилар билан биргаликда дўқ-пўписа қилишади ва ҳомийликка мажбурий тўловлар ундиришади. Туманда байрам бўлсаям, парк қурилсаям, мева-чева экспортигиям, кўнгилочар бинолар қурилишигаям, ҳашаргаям, пахтагаям ҳамма тадбирларга биз тадбиркорлар туриб берамиз. 

Айниқса, охирги мева-чева экспортига ҳар бир тадбиркордан мажбуран ойлик оборотидан 10 фоиз миқдорда пулни «ёрдам» сифатида ундириб олишди «қайтариб беришлик шарти» билан. Ойлик оборотимиздан 10 фоиз сумма бу жуда катта пул! Айрим тадбиркорларники 5 млн. бўлса, айримлариники 40 млн. сўмгача, хуллас ҳаммага мажбурий ва ноқонуний бадал қўйишди. 

Орадан 1,5 йил ўтди ҳамки, ўша пуллар қайтарилгани йўқ! Менимча, қайтарилмайди ҳам. Бу масаланинг бошида шахсан ҳоким турса, додингни кимга айтасан?!

Солиқчиларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. 1 ойда 9 мартадан 15 мартагача мажлисга чақиришади. Улар бизларни «севишади». Чунки биз бормизки улар пластикдаги маошларини ишлатишмай йиғишади. Ҳаммаси энг зўр ресторанларда тушлик қилишади. Қиммат машиналарда юришади — бензинда! Метанда эмас. Хоҳлаган пайтда «бугун шунча миллион нақд пул топширасан», деб пўписа қилишади. Дорихонадан дориларни текинга олишади. Ёқмаган ташкилотларни текшириб, отни калласидек жарималар солиб кетишади.

Савол: уларнинг оладиган «ҳалол» маошлари ушбу сарф-харажатларга етармикан? Уларни биргаликда боқамиз ва семиртириб, пенсияга чиқарамиз.

Сўнгги пайтларда биз тадбиркорларга ҳокимият томонидан ниҳоятда босим кучайди. Нега амалдорлар чақирган мажлисда биз қатнашишимиз шарт? Нега солиқчилар айтган суммани ерни тагидан бўлса ҳам топиб бериб топширишимиз керак? Қачонгача жон ҳовучлаб ишлаймиз? Қани бизга эркинлик? 

6. Врачлар масаласи.

Бизнинг дориларимизни врачлар сотади. Қандай дейсизми? Чунки улар ёзиб берган рецептдаги дориларни биз тахлаб, топиб беришимиз керак-да.

Врачлар ҳам эринмасдан қиммат дориларни ёзишади чунки қиммат дориларни ёзишса, ўша қимматфуруш дори фирмалардан «ҳомийлик» ёрдамлари олиб туришади. Врач ҳам одам, унинг ҳам боласи «контракт»га ўқийди, қизини эрга бериши керак, ҳеч бўлмаса «Нексия» миниб, уйини ремонт қилиши керак. Оладиган маошига буларни қилиб бўлмайди, ахир! 

Ҳар ҳафта камида битта ёки 3 тагача янги фирмадан тиббий вакиллар келиб, янги дорисини бизга ва врачларга таништириб кетишади. Янги фирма яхши тўлайди. Демак, табиийки, янги дориларга бошида талаб зўр бўлади. Сотиб олишга мажбурмиз ўша дорини! Савдо керак-ку, ахир?! 

Янги «дорилар»ниям аксарияти дори воситаси эмас — биологик фаол қўшимчалар! Ўша дорилар бошида яхши сотилади ва охирига келиб, тиббий вакили ишдан бўшаб кетади ёки врач бошқа янги фирма билан ишлаши натижасида, дорилари бизнинг дорихонамизда «қолдиқ» бўлиб, пулни банд қилиб ё анча вақт қолиб кетади, ёки муддати ўтиб, ахлатга айланади. Бунинг зарарини ким тўлайди, деб ўйлайсиз!?

7. Дорихоналарга лицензия бериш масаласи.

Маълумки, дориларни фармацевтлар сотиши керак. Лекин туманимиздаги ва бошқа жойларда ҳам аксарият дорихоналар раҳбарлари фармацевтлар эмас. Нега ахир, бу қандай бедодлик? Нега пули йўқ фармацевт ўзи дорихона очолмай ёки рақобатга бардош беролмай бошқа бир фармацевт бўлмаган кишининг қўлида ёлланиб ишлаши керак. Ахир фармацевт бўлмаган раҳбар фармацевтикага зид буйруқларни ишчиларидан талаб қилиши мумкин-ку? 

Бу қандай бўлади? Чунки ўша «бой» – фармацевт бўлмаган раҳбар бизни соҳамизни бизчалик билмайди-ку барибир, дипломи йўқ, фармацевтика институтини тамомламаган-ку? 

Менинг шахсий фикримча, қонунчилик палатаси ушбу масалани жиддий равишда қайта ўрганиб чиқиши керак ва фақат фармацевтларгагина дорихона очишга рухсат берилиши керак. Фирма раҳбари ҳам фақат «фармацевт» бўлиши шарт! 

Ахир биз хўжалик моллари эмас, аҳолига соғлик сотамиз! Дорихоналарга лицензия берадиган ташкилотлар СанПин талабларига асосан, талаблар қўйишади. Аксарияти фойдали, лекин айримлари... Масалан, қишлоқ ва чўл ҳудудида жойлашган чекка жойларда электр энергияси таъминотининг ўзи муаммо. Канализация, табиий газ ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. 

Лекин СанПин талаблари бўйича лицензия берувчи ходимлар биздан кондиционер қўйишимизни, иситиш батареялари ўрнатишимизни, канализация қилишимизни қатъий талаб қилишади. Тушунаман, дорихонага булар керак, лекин электр токи 1 суткада 2–3 соат бўладиган жойда кондиционер, табиий газ ва марказлашган иситиш тизими йўқ жойда иситиш батареялари, канализациянинг «К» ҳарфи бўлмаган жойда канализациялар ўрнатиш талаблари фақат «хўжакўрсин»га эканлигини ўша талаб қилувчилар ҳам яхши билишади. Ахир улар соғлом фикрлашади-ку?!

8. Дори воситаларини нархи ва рақобат ҳақида.

Сўнгги пайтларда жуда ҳам кўп айтилаётган дориларнинг нархини тушириш муаммоси ҳақида шахсий фикрим бор.

Дориларни сотиб оладиган таъминотчи фирмалардаги нархлар пул кўчириш йўли билан ҳам, нақд пулга ҳам 15–25 фоизга фарқ қилмасдан бир хил бўлса, дорилар нархи камида 15–20 фоизга тушади. 

Мен юқорида санаб ўтган муаммолар бартараф қилинса, врачлар ватанпарвар сифатида, асосан маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситаларини тавсия қилишса – дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга янада қулайликлар яратиб берилса, яъни ишлаб чиқарувчиларга хом-ашё муаммоси бўлмаса, конвертация муаммоси бўлмаса, дорихона раҳбарлари фақат олий маълумотли фармацевтлар бўлса, асосий эҳтиёжли дори воситаларини конвертацияси давлат курсида бўлса ва ҳамма дорихоналарга бир хил тарқатилса дорилар нархи яна энг камида 50 фоизга тушади. Эътибор беринг, 50 фоизга деяпман! 

Демак, жами дори воситалари нархи 70 фоизга тушади, бу — энг камида яна, балки ундан-да пастроққа тушиши мумкин. Яна шунча дорихоналар мавжуд юртимизда биз ким ўзарга, яъни харидор чақиришгаям нархларни туширамиз-ку, рақобат бор-ку яхшигина. Ахир қайси харидор қиммат дорихонадан савдо қилгиси келади. 

Шундай экан, ҳурматли юртдошим, ҳадеб охирги поғонадаги дорихоналарнинг устига мағзава ағдаравермасдан, ҳақиқатгаям реал кўз билан қарайлик. Дорихоналар ҳам у даражада «инсофини еб қўйган»и йўқ. Бизга ҳам харидор керак, яна қайтараман, рақобат кучли, савдо бўлишини ҳоҳлаймиз, сиз ўйлаганчалик, ошиб-тошиб кетган жойимиз йўқ.

Юқорида ёзган муаммоларни биргалашиб бартараф қилайлик, бўлди, мақсадимизга албатта эришамиз. Ана шундагина нархлар ҳақиқатдан тушади, аҳоли биз дорихоначилардан рози бўлади. 

Дорихона масаласининг ана шунақанги, сиз билган ва билмаган «нозик» томонлари ҳам бор, ҳурматли ўқувчи!

Ушбу йил маълумингизким, президентимиз фармони билан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган, шундай экан, ҳурматли таҳририят ходимлари, менинг ушбу мақоламни «барча дорихоначилар номидан», деб қабул қилгайсиз ва раҳбарлар ва омма ўқиши учун сайтингизда эълон қилишингизни сўраб қоламиз. 

Сизларга ва халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан, ўз юртини севувчи, ВАТАНПАРВАР дорихоначилар номидан — Ж. Қодиров».

Top