Жаҳон | 20:12 / 10.02.2023
14146
2 дақиқада ўқилади

Кремл Путиннинг парламентга мурожаати санасини эълон қилди 

Путин 21 феврал куни Федерал Мажлисга мурожаат қилади, ўз нутқида «ҳозирги вазиятга» эътибор қаратади, кейинроқ Россиянинг ташқи сиёсати концепциясини ҳам тасдиқлайди. 

Фото: kremlin.ru

Владимир Путин 21 феврал куни Федерал Мажлис – Давлат Думаси депутатлари ва Федерация Кенгаши сенаторларига мурожаат йўллайди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига таяниб ТАСС хабар берди. 

«Мурожаат Москвадаги Гостиний Дворда бўлиб ўтади. Путин ўз нутқида асосий эътиборни ҳозирги вазиятга қаратади», деди Песков. 

У «ҳозирги вазият» деганда Украинадаги уруш, иқтисодиёт ва ижтимоий муаммолар билан боғлиқ мавзулар назарда тутилганини тасдиқлади. 

«Бундан ташқари, яқин келажакда Путин Россия ташқи сиёсатининг янги концепциясини тасдиқлайди. Президентнинг россияликлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти ҳам бўлиб ўтади, лекин уни ўтказиш вақти ҳали белгиланмади», деди президент матбуот котиби. 

Путин мурожаатининг эртасига Кремл «Лужники»да митинг-концерт ўтказмоқчи, унда Путин ҳам иштирок этиши мумкин, деб хабар берган эди РБК.

«Агар бундай тадбир Путиннинг жадвалига киритилган бўлса, Кремл маълум қилади», деди Песков. 

Россия Конституциясига кўра, президент Федерал Мажлисга мурожаат қилишга мажбур. Аммо 2022 йилда Путин нутқ сўзламади. У охирги марта 2021 йил 21 апрелда парламент аъзоларига мурожаат йўллаган. Федерал Мажлисга мурожаат қилиш тартибини, шу жумладан муддатини президент мустақил белгилайди. 

Мавзуга оид