16:57 / 14.05.2017
6167

Қишлоқ хўжалик технологияларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

2017 йил 13 май куни Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институтида “Юқори самарали қишлоқ хўжалик машиналарини яратиш ва улардан фойдаланиш даражасини ошириш” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманнинг асосий мақсади Республика қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, уни механизациялаш даражасини оширишда илм-фаннинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, фан ва техниканинг муҳим илмий ва технологик муаммоларини ҳал этиш, илмий-техникавий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, илм-фан соҳасининг барча жабҳаларида олимларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда улар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорликни кучайтириш, илм-фан соҳасига ёш кадрларни ҳамда инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти ҳисобланади.

Мазкур конференцияда Республиканинг вазирлик ва идоралари ҳамда машинасозлик заводларидан вакиллар, бир қатор илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидан тадқиқотчилар ва олимлар, жами бўлиб 300 нафарга яқин иштирокчилар қатнашишди.  

Шунингдек конференцияда пленар йиғилишдан ташқари тўрт секцияга бўлинган ҳолда юздан ортиқ маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.

  • I Секция: Энергетика, транспорт ва юклаш-тушириш воситалари ҳамда тупроққа ишлов бериш ва ерларни экишга тайёрлаш машиналари;
  • II Секция: Экиш, ўғитлаш ва ўсимликларни парваришлаш машиналари;
  • III Секция:  Фермер ва деҳқон хўжаликларида маҳсулот етиштириш ва унга дастлабки ишлов берувчи кичик техника воситалари ва қурилмалари, чўл яйловлари учун автоматлаштирилган технологиялар ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун электрон технологиялар;
  • IV Секция: Экинлар ҳосилини йиғиштириш машиналари, қишлоқ хўжалик машиналарини таъмирлаш, уларга техник сервис кўрсатиш ва машиналардан фойдаланиш даражасини ошириш ҳамда янги техника воситаларини лойиҳалаш, уларнинг саноат нусхаларини ишлаб чиқариш ва қабул синовларидан ўтказиш.
Top