12:04 / 03.06.2017
21566

Ўзбекистон ТАПҲ лойиҳасида иштирок этишга тайёрланмоқда

Тўлиқ бўлмаган икки ой ичида Ўзбекистон президентининг қўшни Туркманистонга ташрифи, айтиш мумкинки, минтақавий сенсация билан якунланди, деб ёзади  Асқар Мўминов ўзининг Қозоғистоннинг «Атамекен» бизнес телеканали расмий сайтида эълон қилинган таҳлилий мақоласида.

Шавкат Мирзиёев иқтисодий юксалишни мақсад қилган

Расмий Тошкент Ашхобод билан биргаликда жафокаш ТАПҲ лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирган. Ўз навбатида, «Ўзбекнфтегаз» миллий ҳолдинг компанияси ва «Туркменнебит» давлат концерни Каспий денгизнининг туркман шельфида биргаликда нефть қидирув ишлари олиб бориш борасидаги ҳамкорликни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолашди. 

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури лойиҳаси амалий босқичга етказилган, шунингдек, Ашхобод Афғонистонга электр энергияси узатилишини бир неча каррага ошириш тараддудида. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ТАПҲ лойиҳасида иштирок этиш таклифини билдирган. Илгари ушбу лойиҳида иштирок этиш истагини Қозоғистон ҳам билдирган эди. 

«Биз Туркманистоннинг ТАПҲ газ қувурини ётқизиш ниятини қўллаб-қувватлаймиз ва бу лойиҳада иштирок этамиз», — деган эди Нурсултон Назарбоев 2014 йилда Туркманистонга ташрифи чоғида. 

Тошкентнинг иҳоталангани тарихда қолди

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» компанияси илк бор Каспий денгизи шельфида нефть қазиб олиш билан шуғулланишини айтиб ўтди, томонлар Ўзбекистон энергия тизимидан фойдаланиб Туркманистондан Қозоғистон ва Қирғизистонга электр энергияси транзити масаласида ҳам келишиб олишди. Шундай қилиб, Тошкент Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тизимини тартибга солиш бўйича жиддий таклиф берди. Экспертларнинг қайд этишларича, Тошкент учун Каспий шельфида ишлаш тўғридан-тўғри бўлмайди, Ашхобод билан биргаликда бўлади, албатта. ТАПҲ лойиҳасига келсак, унинг истиқболлари ҳали-ҳануз хира. Москва бу лойиҳани минтақадаги ҳамда Европа бозорларидаги ўзининг газ соҳасидаги гегемонлигига тўғридан-тўғри рақобатчи сифатида қабул қилишини ҳисобга олсак, шунингдек, лойиҳа Афғонистондек беқарор давлат билан боғлиқлиги инобатга олинса, унинг амалга оширилиши катта сўроқ остида турибди. 

abctv.kz томонидан ўтказилган сўровномада қатнашган экспертлар ҳар қандай ҳолатда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий сиёсатини жиддий қайта кўриб чиқиши, аввалгига нисбатан қўшнилар билан мустаҳкам алоқа муҳим ўрин эгаллайди, дея ҳисоблашмоқда. 
 
Жанубий Кореянинг Ҳанкук минтақашунослик университети доценти Равшан Иброҳимовнинг қайд этишича, янги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун ҳали эрта, унинг ташқи сиёсат доктринасига умумий баҳо бериш учун етарли вақт ўтиши керак. Бироқ айрим параметрлар яққол кўзга ташланмоқда. Ислом Каримовдан фарқли ўлароқ, Мирзиёев ўз мамлакатининг нафақат геосиёсий манфаатлари, шунингдек, геоиқтисодий манфаатларига ҳам асосланмоқда, шу сабабли муносабатларнинг қайта қувватланиши кузатилмоқда. 

Экспертларнинг фикрича, бу вазиятда Ўзбекистоннинг ТАПҲга қўшилиши унинг учун ҳеч қандай таваккалчилик келтириб чиқармайди. Агар қувур ишга тушадиган бўлса Ўзбекистон ўз гази экспортини диверсификациялаш имконига эга бўлади. Экспертларнинг фикрича, умуман олганда, Тошкент қўшнилар билан муносабатларни ва иқтисодий алоқаларни яхшилаш тарфдори эканлигини намойиш этиб, минтақавий транспорт лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлигини билдирмоқда. Чунки бу мамлакатнинг уникаллиги шундаки, ўзи ҳам, уни ўраб турган географик қўшнилари ҳам очиқ денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмайди. 

Афғон муаммосига урғу берган ҳолда...

Марказий Осиё бўйича эксперт, сиёсатшунос Аркадий Дубновнинг қайд этишича, ТАПҲ лойиҳаси ғоясига яқинда 20 йил бўлади ва у инвесторлар ҳамда хорижий молия ташкилотлари учун у қадар қизиқ эмас. Гап шундаки, Афғонистондаги беқарор вазият туфайли лойиҳанинг амалга оширилиши учун таҳдидлар жуда кўп. Экспертнинг фикрича, иқтисодиёти газ экпортига боғлиқ бўлган Туркманистонга пул ва инвестициялар зарур, шунингдек, улар халқаро қўллаб-қувватловга ҳам муҳтож. Ўзбекистон эса янги президенти бошчилигида ўзининг яқин ва қардош қўшнисига биродарлик қўлини узатмоқда, дея таъкидлаган Дубнов. 

«Ўзбекистон туркман лойиҳаларига ўзининг манфаатларини кўзлаб қатнашишни режалаштирган, унинг саноат салоҳияти ҳам бунга қодир, албатта. Мирзиёевнинг амбициялари билан қувватлантирилаётган, иҳоталанишни тарк этиш жараёни эса Ўзбекистонни минтақавий етакчи сифатидаги нуфузини оширади. Албатта, Ўзбекистон Каспийбўйи жамоасининг олтинчи аъзосига айланмоқчи эмас, лекин унинг ёрдамида Туркманистоннинг бу ердаги вазн коэффициенти ошади», — деган Дубнов. 

«Жанубий Кавказ» сиёсатшунослар клуби раҳбари Илғор Вализоданинг қайд этишича, ТАПҲ — асосан АҚШ томонидан қўлланилаётган туркман лойиҳасидир. Шундай қилиб, ТАПҲга аъзо бўлиш масаласи гази Покистон ва Ҳиндистонга сотилиши мўлжалланаётган айнан Ашхободнинг қўлида. Бинобарин, ТАПҲдаги ўзбек гази — бу рақобат характеридаги ёнилғи бўлади. Бироқ бу масалага юзаки қаралганда олинган хулоса, дейди эксперт. Унинг сўзларига кўра, вазиятга жиддий қаралса, бу газ қувурини амалга оширишда яққол муаммолар кўзга ташланиб турибди. Туркманистоннинг моддий воситалари ҳам, сиёсий нуфузи ҳам ўз маблағларига таяниб лойиҳани якунлаш учун етарли эмас. Узоқ йиллар мобайнида лойиҳани молиялаштириш учун реал ҳамкорларни жалб этишнинг иложи бўлмади. Тошкент эса жанубий бозорлар борасида катта қизиқиш билдирган ва Туркманистонга керакли ёрдамларни кўрсата олади, дейди Вализода. 

«ТАПҲда Ўзбекистоннинг иштироки унинг капитализациясини яққол оширади, нафақат даромадлар, шунингдек рискларни ҳам бўлишиш имконини беради. Бу эса ҳозирги босқичда жуда муҳим. Каспий денгизи шельфида нефть қазиб олишда Ўзбекистоннинг иштироки борасида шошилинч хулосалар чиқарилмаслиги керак. Тошкентнинг Каспийдаги қизиқишлари ўта прагматик ва бугунги кунда асосан транспорт таркибий қисми жиҳатидан чекланган эди. Унга энергетика ҳам қўшиладими-йўқми, буни вақт кўрсатади», — деди сиёсатшунос.

Қувурлар интеграцияси орқали минтақа интеграцияси

Bilig Brains лойиҳаси эксперти, сиёсатшунос Расул Ариннинг қайд этишича, ТАПҲ лойиҳасига 1995 йилда асос солинган. Ўшанда лойиҳа шунчаки ТАП деб аталарди, Ҳиндистонсиз. 2008 йилдан бошлаб Ҳиндистон ҳам лойиҳага қўшилгач, лойиҳа TAPI кўринишига келди. Энди Ўзбекистоннинг лойиҳага қўшилиши нафақат лойиҳанинг исмини узайтириши (UTAPI?), балким унинг амалга оширилиш эҳтимолини икки сабабга кўра тезлаштириши мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳам Туркманистон сингари яхшигина газ захираларига эга. Муаммоларнинг биттаси Туркманистоннинг газ қувурини тўлиқ ҳажмдаги ёқилғи билан таъминлай олиш салоҳияти шубҳали эканлигида. Шу сабабли, Тошкентнинг қўшилиши бу шубҳаларни тарқатади.

Иккинчидан, Афғон участкасидаги барқарорлик ва хавфсизлик омили. «Тинчлик қувури» (peace pipeline) тушунчаси бор, унга кўра давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ривожланиб, уларнинг яқинлашиши ва ярашишига хизмат қилади ҳамда томонларга тинчлик ва барқарорлик можаролардан кўра каррасига фойдалироқ эканлигини кўрсатиб беради. Ўзбекистоннинг Афғонистон чегераолди ҳудудларига таъсири ўз-ўзидан тушунарли. Покистон ҳам манфаатдор томон сифатида Афғонистонда барқарорлик ҳукм суришига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик ўта муҳим хавфсизлик масаласи ҳисобланади. Гарчи бу ерда Ўзбекистоннинг роли қисман бўлса-да, ТАПҲ лойиҳаси йўлидаги иккинчи тўсиқни енгиб ўтишда қўл келиши мумкин.

«Ушбу лойиҳада Қозоғистоннинг ҳам эҳтимолли иштироки тилга олиб ўтилди. Ҳаттоки ёнилғи етказиб берувчи сифатида истиқболда Россиянинг ҳам иштироки назардан қочирилмаяпти. ТАПҲ лойиҳаси Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия бир томондан газ етказиб берувчилар сифатида, иккинчи томондан Покистон ва Ҳиндистонни якуний истеъмолчилар сифатида бирлаштириши мумкин. Кейинчалик Ҳинд океани орқали бошқа истеъмолчиларга ҳам газ етказиб берилиши мумкин. Қизиқиш билдирган томонлар қанчалик кўп бўлса, ТАПҲнинг татбиқ этилиш салоҳияти ҳам шунчалик катта бўлаверади. Ўз навбатида, ишлаб турган ТАПҲ — минтақадаги барқарорликнинг калитидир. Абстракт ғоялар асосида эмас, муайян иқтисодий лойиҳалар асосида тинчликни қуриш осонроқ. Битта муваффақиятли лойиҳа эса бошқа бир муҳим иқтисодий ташаббусларга йўл очиб бериши мумкин», — дея таъкидлаган Расул Арин. 

Сиёсатшуноснинг қайд этишича, Ўзбекистон шу вақтгача халқаро сиёсатда бундай ташаббусларга нисбатан ишончсизлиги ва прагматиклиги билан довруғ қозонган эди. Шу сабабли унинг лойиҳага қўшилаётгани — лойиҳага нисбатан ҳам ўзига хос ишонч индикатори бўлиб хизмат қилади. 

«Мирзиёевнинг илк хорижий сафари айнан Туркманистонга, Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳузурига бўлган эди. Уларнинг умумий жиҳатлари кўп. Иккиси ҳам ўз мамлакатларининг иккинчи авлод раҳбарлари саналишади. Икки мамлакат ҳам ташқи дунё билан нисбатан камтар муносабатда. Ҳар икки етакчининг янги сиёсати иҳолатанганликдан чиқишга қаратилганлиги билан ўхшаш. Ўзбекистон аллақачон Туркманистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Тошкент ҳам иштирок этаётган Туркманистон – Хитой газ қувурининг D линияси бор, тўғри, ҳали у ишга туширилмаган. Келгусида қувурлар интеграцияси орқали бундай лойиҳалар Марказий Осиёнинг умумий иқтисодий чамбарчаслиги учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дея ўз фикрини якунлаган Расул Арин.

Top