10:39 / 06.06.2017
12817

iOS 11: Стив Жобс ғоясига қарши, қулай пул ўтказмалар ва бошқа янги функциялар

Apple компанияси ҳар йили дастурчилар учун ўтказиладиган WWDC 2017 конферециясида янги iOS 11 операцион тизимини тақдим этди. Янги тизимдаги асосий ўзгаришлар – янгиланган қурилмани бошқариш маркази, iMessage мессенжери орқали пул ўтказиш ва бироз яхшиланган Siri овозли ёрдамчи.

Қурилмани бошқариш маркази устида “редизайн” амалга оширилди ва у энди босилганда кенгаяди.

Apple Pay тўлов тизими iMessage иловаси орқали фойдаланувчилар орасида пул ўтказмаларини амалга ошириш функциясига эга бўлди. Ўтказилган пуллар система ҳисобига тушади ва у ердан пулларни смартфонга боғланган банк картасига ўтказиш мумкин бўлади. 

Siri’да эркак овози яна-да табиийроқ бўлди. У энди дарҳол инглиз тилидан хитой, француз, немис, итальян ва испан тилларига таржима қила олади.

App Store иловалар дўкони ҳам “редизайн”га учради. Янги дизайнда маълумотни карточкалар орқали кўрсатиш, шунингдек, кун тавсияси бўлими ва ўйин ва иловалар учун алоҳида туркумга эга бўлди.

iOS 11 сунъий онгни ўрганиш учун янги ядрога эга бўлди. Apple берган маълумотга кўра, янги Core ML суратдаги инсон юзини Google ва Samsung технологияларига нисбатан 6 марта тезроқ топа олади.

Янги операцион тизимга шунингдек, қўшимча реалликка эга замонавий иловаларни ҳам қўллаб-қувватлаш функцияси киритилган. Крейг Федериги сўзларига кўра, миллионлаб iPhone ва iPadлар ARKit’ни қўллаб-қувватлайди ва шу тариқа iOS дунёдаги энг катта AR-системалардан бирига айланади.

Янги iPad Pro планшети учун мўлжалланган iOS версияда эса кўп вазифа режимида ўзгаришлар бўлди. Янги тизимда бир вақтда ишлаётган иловалар ўртасида маълумотларни ўзаро олиб ўтиш мумкин.

Кўп вазифалик панели ҳам ўзгариб, macOS’даги Dock’га кўпроқ ўхшаб қолган.

Apple шунингдек, файллар менежери бўлган Files иловасини ҳам тақдим этди. Бу илова iPhone’да илк бор пайдо бўлмоқда. Бунга қадар Стив Жобс файлларга тўғридан-тўғри уланишга тақиқ қўйиш ғоясини илгари сурган эди. Илова нафақат iCloud билан, балким Google Drive ва Dropbox каби бошқа сервислар билан ҳам ишлай олади. 

iPad Pro учун мўлжалланган янги iOS операцион тизимида Apple Pencil “ақлли қалам”и билан ўзаро боғлиқлик яхшиланган. Энди планшет камераси орқали ҳужжатларни ўқиш ва iPad’нинг ўзида уларни имзолаш мумкин. Шунингдек, янги механизм скриншотларда белгилар қолдириш имконини беради.

The Verge’нинг маълум қилишича, iOS 11’даги айтиб ўтилмаган, бироқ муҳим бўлган функцияларга матн орқали Siri билан ўзаро боғлиқлик, QR-кодларни табиий қўллаб-қувватлаш, смартфондан битта қўлда фойдаланиш имкони берадиган махсус функция, экранни ёзиб олиш ва 3D Touch ишлашининг яхшиланиши киради.

iOS’нинг дастурчилар учун мўлжалланган бета-версияси 5 июнь куни кўчириб олиш мумкин бўлади. Операцион тизимнинг фойдаланувчилар учун мўлжалланган версияси 2017 йилнинг кузида тақдим этилади.

Top