Жаҳон | 13:03 / 20.04.2024
4051
2 дақиқада ўқилади

Apple WhatsApp, Telegram ва Signal’ни хитойча App Store’дан олиб ташлади

Хитой ҳукумати талаби билан Apple бир қатор иловалар – WhatsApp, Telegram, Signal, Line va Threads мессенжерларини хитойча App Store’дан олиб ташлади. Мамлакат кибермакон маъмуриятига кўра, мазкур иловаларнинг айримлари ХХР етакчиси ҳақидаги «шубҳали» сиёсий контентни ўзида сақлайди.

Фото: Reuters

Хитой ҳукумати Apple’дан бир қатор иловалар, жумладан WhatsApp, Telegram, Signal, Line va Threads мессенжерларини App Store’дан олиб ташлашни талаб қилди. Компания ушбу талабни бажаришга рози бўлган.

Хитойнинг кибермакон маъмурияти Apple’дан WhatsApp ва Threads мессенжерларини ўчириб ташлашни сўраган, чунки бу мессенжерлар ХХР етакчиси ҳақидаги «шубҳали» сиёсий контентни ўзида сақлайди.

«Биз фаолият юритаётган мамлакатлар қонунларига, уларга рози бўлмасак ҳам, риоя қилишимиз керак», - деган Apple вакили.

Bloomberg иловалар ўчирилишини АҚШ ҳукумати мамлакатда TikTok ижтимоий тармоғини тақиқлаш чораларини кўраётгани фонида амалга оширилаётганига эътибор қаратди.

Шунингдек, Bloomberg Пекин бир неча йиллардан бери мамлакатда хорижий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаб қўйганини, бу эса WeChat каби маҳаллий иловаларнинг бозорда ҳукмронлик қилишига ёрдам берганини таъкидлаган.

Шу билан бирга хитойлик фойдаланувчилар ҳали ҳам VPN орқали хорижий иловалардан фойдаланишлари мумкин.

Meta компанияси вакили Bloomberg’га Apple’нинг изоҳларини ҳавола қилган, Telegram ва Signal вакиллари эса иловаларнинг дўкондан олиб ташланишига изоҳ беришмаган.

Хитой ҳукумати 2023 йилнинг ёзида ишлаб чиқувчилардан 2024 йил мартигача мобил иловаларни тартибга солувчи органда рўйхатдан ўтказишни талаб қилувчи фармонни имзолаганди. Ушбу фармонга кўра, рўйхатдан ўтмаган иловалар дўконлардан олиб ташланиши керак. Бу қарор онлайн фирибгарликка қарши курашга қаратилгани таъкидланган. 

Март ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси TikTok ижтимоий тармоғи Хитойнинг ByteDance компаниясидан ажратилмаса, мамлакатда ундан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Таъкидланишича, Хитой ҳукумати ByteDance’ни илова орқали тўпланган америкалик фойдаланувчилар маълумотларини топширишга мажбур қилиши мумкин ва бу АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади.

Мавзуга оид