14:07 / 17.06.2017
5028

Ахборот технологиялари вазирлиги жорий йилда 5 мингдан ортиқ мурожаатни қабул қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси Ўзбекистонда энг йирик аудиторияга хизмат кўрсатувчи тизимлардан бири ҳисобланади. Жумладан, 21,5 миллион нафар мобиль алоқа, 16 миллион нафар интернет, почта ва рақамли телевидение, симли телефон алоқаси фойдаланувчиларига сифатли хизмат кўрсатиш соҳа олдидаги долзарб вазифа, деб хабар бермоқда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Табиийки, у ёки бу хизмат бўйича фойдаланувчилар кунора соҳага дахлдор муаммо ёки масалага дуч келишади. Жумладан, 2017 йилнинг бошидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 5151 та фуқаро мурожаатлари келиб тушган. Улардан 4500 та мурожаат қайта ишланган, фуқароларни қийнаётган масала ва муаммолар яқиндан ўрганилиб ҳал қилинган. Шунингдек, айни пайтда 250 та мурожаат ўрганиш жараёнида турибди. Вазир ва вазир ўринбосарлари томонидан 8 та вилоятда cайёр қабуллар ўтказилиб, 85 тадан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг масалалари қабуллар чоғида кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг 3858 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, 920 та мурожаат Вазир виртуал қабулхонаси, 320 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, 53 таси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефони орқали келиб тушган.

Вазирлик ҳудудларда аҳолини қийнаётган масала ва тизимда мавжуд камчиликларни бартараф қилишда муаммоларнинг жойларда ҳал қилинишига диққатини қаратмоқда. 

Хусусан, ҳудудларда Халқ қабулхоналарининг ташкил қилиниши эвазига мурожаатлар улар орқали тўғридан-тўғри соҳа корхоналарига келиб тушмоқда. Бу мурожаатлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил қилиниши соҳанинг ҳудудларда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва масъул ходимларининг билим-кўникмасига дахлдор.

Шу муносабат билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўз тизимидаги муассасаларнинг ҳудудий бўлинмалари учун қабул қилинаётган мурожаатлар, жумладан Халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлашни ташкил қилишга бағишланган ўқув-семинарларни ташкил этмоқда.

Top