Жамият | 03:38 / 23.06.2017
22070
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд аэропортида беҳаё видеолар олиб кирмоқчи бўлган шахслар аниқланди

Бугунги кунда турли ноқонуний йўллар билан мамлакатимизга олиб киришга уринилаётган ҳар қандай хавф-хатарлар учун жазо белгиланган. Жамиятимизнинг тинчлиги ва огоҳлиги, ёшларимизни эртанги куни ва келажаги учун барчамиз масъулдирмиз. Аммо, бу масъулиятни айнан келажагимиз бўлган ёшларнинг айримлари четлаб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт махсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.

Шунга қарамай, божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёлик ва зўравонликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда.

Бу борада, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан беҳаё ва зўравонлик мазмунидаги фотосуратлар, видеофильм ва видеороликларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган бир гуруҳ «телеграммчилар»га эътиборимизни қаратсак.

«Самарқанд аэропорт» чегара божхона пости инспектори А.Санакулов томонидан Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига Москва («Домодедово») – Самарқанд йўналишида 515-сонли авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.Бойитов ўзи томонидан тўлдирилган божхона декларациясига асосан оғзаки савол-жавобдан сўнг, унга тегишли бўлган муқаддам фойдаланилган декларациясида ёзиб кўрсатилган бир дона қора рангли тахминан қиймати 1.000.000 сўм бўлган Samsung русумли уяли телефони холислар иштирокида текширилганда, телефоннинг Telegram папкасида 46 дона беҳаё мазмундаги видео файллар ҳамда 44 та беҳаё мазмундаги фото суратлар борлиги аниқланди.

Худди шундай ҳолат Москва («Домодедово») – Самарқанд йўналишидаги 515-сонли авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ж.Пирназаровнинг «Huawei» русумли планшети холислар иштирокида текширилганда, ушбу уяли телефоннинг Telegram папкасида ҳам 40 та беҳаё мазмундаги видео файл борлиги аниқланди.

Telegram ижтимоий тармоғини Д.Жўрақуловни ҳам четлатиб ўтмади. У Москва («Внуково») – Самарқанд йўналишидаги 809-сонли авиарейс билан учиб келганда, унинг «Samsung» русумли қўл телефонидан ҳам беҳаё мазмундаги видеолар борлиги аниқланди. Энг ачнарлиси шуки, йигитлар бу видеоларнинг қўл телефонларига қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки «бехабар ва кўрмаган».

Аниқланаётган ҳолатлар ёши бўйича таҳлил қилинганда, асосан ҳуқуқбузарлик содир этаётган фуқаролар ўрта 25–35 ёшларда бўлиб, оилали, ўрта-махсус ва олий маълумотга эга эканликлари, ўтказилган суҳбатларда эса беҳаё мазмундаги фото, видеофильм ва видеороликларни Ўзбекистон Республикаси худудига олиб кириш мумкин эмаслигини билишса-да, мазкур фильм ва роликларни оддийгина шахсий қизиқиш эвазига божхона чегараси орқали олиб ўтмоқчи бўлганликлари баён этилмоқда.

Фарҳод Норбўтаев,

журналист

Мавзуга оид