Жаҳон | 20:45 / 29.06.2017
7515
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ давлат котиби Оқ уй ходимлари билан можарога борди

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Оқ уй ходимлар бошқармаси бошлиғи Жонни де Стефанога баланд овозда гапириб, Оқ уйда можаро чиқишига сабаб бўлди. Анча босиқ бўлган Тиллерсоннинг бундай қизиққонлик қилишига у томондан ўз ўринбосарлари лавозимларига таклиф қилинган номзодларнинг Де Стефано томондан рад этилиши сабаб бўлган.

Бу ҳақда можаро гувоҳларига иқтибос келтирган ҳолда Politico нашри хабар бермоқда. Нашр маълумотларига кўра, воқеа 23 июнда юз берган. 

Тиллерсон Де Стефанога дакки бергач, Оқ уй ходимларига унинг обрўсига путур етказаётган маълумотларни сизиб чиқариб юбориш айбини қўйди. АҚШ давлат котиби фикрича, Де Стефано ўз вазифасига лаёқатли эмас ва Давлат департаментига ходимларни танлай олмайди.

Тиллерсон шунингдек учрашувда иштирок этганларга АҚШ президенти Дональд Трамп унга ўринбосарларини тайинлашда тўлиқ эркинлик берганини эслатиб ўтди. 

Нашр манбаларининг маълум қилишича, Оқ уйдаги учрашувда Оқ уй ходимлари девони  бошлиғи Райнс Прибэс, Трампнинг сиёсий маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ҳамда давлат котиби девони бошлиғи Маргарет Петерлин ҳам бўлган. 

Одатда Тиллерсонга бундай жанжалкашлик хос эмас, у босиқ ва вазмин одам ҳисобланади. Тиллерсон Оқ уйдан чиқиб кетгандан кейин, Кушнер унинг бу хатти-ҳаракатини "нопрофессионал" деб атаган.

Мавзуга оид