14:25 / 29.06.2017
8986

Ўзига ортиқча ишониб, машина рулига ўтирган шахс икки инсоннинг умрига зомин бўлди

Жаҳонгир кеч бўлганда Тошкентдан уйига – Самарқандга йўлга чиқди. Йўловчи таксилар турадиган жойда Баҳодир исмли киши билан йўл ҳақини келишди. У “Нексия”нинг олд ўриндиғига жойлашди. Машина эгаси яна уч нафар йўловчи билан келишгач, йўлга чиқишди. Йўл-йўлакай суҳбатлашдилар, танишдилар. Жиззах шаҳридан ўтгач, ҳайдовчида чарчоқ аломатлари сезила бошлади. Ярим тун, йўл узоқ. Тунда айниқса ҳайдовчи кўпроқ чарчайди. Кўриниш чекланган, бунинг устига рўпарадан келаётган автомашиналарнинг чироқлари кўзни қамаштиради, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳайдовчининг чарчоғи зўрайиб, мудраб кетаётганини кўрган Жаҳонгир:

-  Баҳодир ака, сиз дам олинг. “Правам” чўнтагимда, уйқум келган эмас. Машинани ҳайдаб кетавераман, - деди.

Бу гапнинг ўрнига “Чарчаган бўлсангиз, бизнинг ҳаётимизни хавф остига қолдирманг. Бир четга тўхтаб, ухлаб олинг” деганида, тўғрироқ бўларди. Ҳайдовчи ҳам шу ерда хатога йўл қўйди, танимаган-билмаган, ҳайдовчилик тажрибасини синаб кўрмаган одамга рулни ишониб топширди. Рул билан бирга ўзининг ва уч кишининг ҳаётини ишониб топширди. “Ҳам ухлайман, ҳам юрганимиз фойда”, деб ўйлади.

Жаҳонгир ҳайдовчининг ўриндиғига ўтди. Баҳодир эса Жаҳонгирнинг жойига ўтирди. Жаҳонгир аввалига секин ҳайдади, аста-секин мослашгач, ишонч билан тезликни оширди.

Ислом “КаМАЗ” русумли тиркамали машина бошқаради. Бу улкан машинани бошқариш ҳайдовчидан катта маҳорат ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни талаб қилади. Чунки йўлнинг катта қисмини эгаллаб бораётган бу улкан машинанинг озгина хатоси бошқалар учун катта хавф туғдиради. Ислом “КаМАЗ”га ва тиркамасига юк ортиб трассага чиққач, бетон тўсиқларнинг очиқ жойидан қайрилиб олмоқчи бўлди.

Бу пайтда Жаҳонгир бошқариб келаётган автомашина жуда яқинлашиб қолган эди. Жаҳонгир “КаМАЗ”ни жуда кеч пайқади ва жон-жаҳди билан тормозни босди. Бироқ, масофа яқин, тезлик юқори эди. Енгил автомашина чапга бурилаётган “КаМАЗ”нинг тиркамасига ён томондан бориб урилди.

“КаМАЗ” ҳайдовчиси сакраб тушиб, улар томон югурди. Ҳайдовчи ҳушидан кетган, ёнидаги қонга беланган одам нафас олмаётган эди. Орқадаги йўловчиларнинг ҳам аҳволи аянчли эди. Дарров бошқа машиналар ҳам тўхтаб, ёрдамга етиб келишди... Жабрланганларни йўловчи машиналарда шифохонага жўнатишди.

Бироқ, Баҳодир ва орқа ўриндиқдаги Даврон исмли киши шифохонага етиб бормай дунёдан кўз юмди. Қолган икки йўловчи эса турли даражадаги тан жароҳати олишди.

“КаМАЗ” ҳайдовчиси Ислом ва ўзига ортиқча ишониб, машина рулига ўтирган Жаҳонгир Суръатов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилди.

Top