ЙТҲ оқибатида машинасига шикаст етгани учун суғурта тўловини ундириш қанчалар қийин эканлигини бу иш бошига тушганлар яхши билишади. Агар машина бошқа бир машина билан тўқнашиб кетган бўлса ва иш судда кўрилиб, етказилган зарарни ундириш ижро учун МИБга ўтган бўлса, бу оворагарчилик икки ҳисса ошади.

Яъни МИБ томонидан қарздорга тўловни ихтиёрий тўлаш учун маълум бир вақт берилади. Қарздор суғурта компаниясидан умидвор бўлиб, уларга мурожаат қилади. Айни шу нуқтада суғурта компаниясининг тўловни ўз вақтида амалга ошириб бермасдан куттириши (сарсон қилиши деса ҳам хато бўлмайди) Мажбурий ижро бюроси талабларига мос келмайди: МИБнинг “соат стрелкаси” айланаверади, суғурта компанияси эса эрта-индин дея чўзиб юраверади, ўртада ҳайдовчи сарсон, камига отнинг калласидай жарима ҳам нақд.

Фуқаро A.A. 2024 йилнинг 29 феврал куни соат 11:00лар атрофида Cobalt  машинасини Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчаси бўйлаб бошқариб, ЙТҲга учрайди. У бир йўналишда ҳаракатланиб бораётган Lacetti машинасини билан тўқнашув содир қилган. ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақат баҳолаш ҳисоботига кўра, Lacetti машинасига 8 млн 328 минг сўмлик зарар етган. 

Мазкур иш 2024 йил 7 март куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилган. Суд қарори билан A.A. БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган ва ундан Lacetti машинаси эгасига 8 млн 828 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

A.A. бошқарувидаги Cobalt автомобили “Капитал суғурта” компанияси томонидан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун талаби бўйича 2023 йил 13 июн куни электрон тарзда суғурталанган бўлган.

Иш бўйича суд қарори чиққач, 2024 йилнинг 12 март куни суғурта компаниясига зарарни қоплаб бериш юзасидан ариза билан мурожаат қилинган. Аммо орадан қарийб 2 ой ўтганига қарамасдан суғурта компанияси суғурта тўловини тўлаб бермасдан келмоқда.

Бу вақтга келиб эса суд қарори асосида МИБ томонидан ижро ҳаракатлари бошланган. Камига қарздорга қарийб 450 минг сўм ижро йиғими қўлланилган ва унга БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробаригача миқдорида жарима хавф солмоқда.

Kun.uz мухбири компания матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга, суғурта тўловини тўлаб беришни тезлаштириш имкони бор-йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилди. Ҳолатга аниқлик киритишни ваъда қилган матбуот котиби таҳририят билан қайтиб боғланмади, кейин унга қилинган қўнғироқларни эса жавобсиз қолдирди.

Аслида тартиб қандай бўлиши керак?