20:24 / 05.07.2017
21341

Шаҳрисабз ҳокими туманда мавжуд муаммолар юзасидан ўз фикрларини билдирди

Кун.uz таҳририяти Қашқадарё вилоятига қилган ижодий сафари давомида Шаҳрисабз тумани ҳокими Исмат Нусуров билан интервью уюштирди. Мазкур суҳбат асносида дунёнинг энг қадим шаҳарларидан бири бўлган, “Қуббатул илм вал адаб”, дея тавсиф этилган, бугун ҳам ўз сийратини йўқотмаган Шаҳрисабзда эришилган ютуқ ва ўз ечимини кутаётган муаммолар юзасидан фикр юритилди.

Шаҳрисабз шаҳри табиийки Ўзбекистондаги сайёҳлик салоҳияти юксак ҳудудлардан бири. Айнан мана шу масалага тўхталар экан, туман ҳокими шундай деди: “Шаҳрисабзда туризм салоҳияти юқори. Туман ҳудудида 196 та тарихий ва археологик ёдгорликлар мавжуд. Шундан 23 таси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Президентимизнинг Шаҳрисабз шаҳрини вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар типига киритиш ташаббуси туризм соҳасини ривожлантиришга ўзининг катта ҳиссасини қўшади. Кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йил Шаҳрисабзга 11 миндан зиёд хорижий ва 30 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Бу йил ҳам меҳмонлар сонини ошириш борасида зарур ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Бунинг учун Бухоро ва Самарқандда жойлашган туристик фирмалар билан ҳамкорлик қилиб, уларга Шаҳрисабзнинг туризм салоҳияти намойиш этилди. Бунинг самараси ўлароқ, 2017 йилнинг июнь ойига қадар 7 минг ҳорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич йил охирига қадар 30 мингга етиши мақсад қилинган”. 

Инсон саломатлиги жамият ҳаётида энг устувор масалалардан бири. Аҳоли саломатлиги мустаҳкам бўлмас экан, ҳар қандай ислоҳот ўз моҳиятини йўқотади. Инсон саломатлиги борасида Шаҳрисабздаги бугунги кун ҳолати қай даражада, қандай ишлар амалга оширилди ва истиқболдаги режалар нималардан иборат? Шаҳар ҳокими шундай деди:

“Бизнинг туманда 20 та қишлоқ врачлик пункти, шаҳар ҳудудида эса 4 та оилавий поликлиника бор. Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган қарорларига асосан жойларда зарур чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, Шаҳрисабз туманида фаолият юритувчи ҚВПларга мурожаат қилиш 20 фоизгача бўлган бўлса, аҳолининг қолган қисми шаҳар марказий шифохонаси хизматидан фойдаланган. Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ Халқ депутатлари кенгашининг сессиясида мазкур масала кўриб чиқилди. Шунга мувофиқ туманда ишлаётган 20 та ҚВПнинг 8 таси оилавий поликлиникага айлантириладиган бўлди. Бу поликникалар тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади ва уларда тор ихтисосликка эга шифокорлар фаолият юритади. Бундан ташқари, улар замонавий тиббий жиҳозлар билан бойитилади.

Албатта, бу каби оилавий поликникалар ўз самарасини беради. Аҳолига ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилади, вақт ва моддий жиҳатлар тежалади. Бундан ташқари, қўшимча ишчи ўринлари яратилади”.

Шаҳрисабз туман ҳокими Исмат Нусуров билан ўтказилган суҳбат давомида аҳоли томонидан таҳририятимизга юборилган мурожаатлар юзасидан ҳам сўз юритилди. Уларнинг асл ечими яқин орада ҳал этилиши айтилди. Ўтган суҳбат давомида турли долзарб мавзулар бўйича гаплашилинди. Мазкур интервьюнинг тўлиқ шаклини сайтимиз ва сайтнинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.

Top