Ўзбекистон | 09:24 / 17.08.2021
11092
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизимида 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинган

Соғлиқни сақлаш тизимида ўтган йилнинг ўзида 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бизни энг қийнайдиган масалалардан бири – соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларидир. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди ва айбдорлар қонуний жазога тортилди. Шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилмоқда.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак. Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам давом этаётган ҳозирги пайтда бунинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу боис бепарволикка, лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Коронавирус ҳали ҳам ёнимизда, биз билан бирга яшамоқда. Шунинг учун мамлакатимизда тегишли тиббиёт марказлари, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг етарли захираси шакллантирилди. Ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Юртимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид