Ўзбекистон | 09:21 / 17.08.2021
9883
2 дақиқада ўқилади

«Бизнес аҳли ҳақида фақат солиқларни тўлаш ва текширишлар пайтида эслайдиган замонлар ўтиб бўлди» - Президент

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга интервью берди. Давлат раҳбари суҳбат давомида Ўзбекистонда кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони кейинги пайтда икки баробар кўпайганини айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати (архив)

“Ушбу тармоқдаги 50 фоиздан зиёд корхоналар фақат кейинги уч йилда ташкил этилган. Бу эса мамлакатимизда муҳим ижтимоий қатлам – ўрта синфнинг кучайиши учун пухта замин бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш барча иқтисодий ислоҳотларнинг бош масаласи бўлиб қолмоқда. Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак.

Бизнес аҳли ҳақида фақат солиқларни тўлаш ва текширишлар пайтида эслайдиган замонлар ўтиб бўлди. Шу нуқтайи назардан, солиқ қонунчилигини мақбуллаштириш борасида биз анча иш қилдик, лекин ҳали олдимизда янада катта вазифалар турибди ва биз уларни албатта амалга оширамиз.

Айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлар ишига аралашиш, “телефон ҳуқуқи”дан фойдаланиб, уларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб тургани ҳам бор гап. Биз бундай муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиш устида ишлаяпмиз. Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, хусусий корхоналар сонини кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.

Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир”, деди президент.

Мавзуга оид