Иқтисодиёт | 11:00 / 06.07.2017
9327
2 дақиқада ўқилади

Енгил саноатда 2,2 миллиард доллар қийматида инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда

5 июль куни «Ўзбекенгилсаноат» АЖ томонидан журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. 2017-2019 йилларда республикада енгил саноатни ривожлантириш дастурига асосан, 132 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Дастурнинг умумий инвестицион қиймати 2,2 млрд. долларни ташкил этади. Бу ҳақида Кун.uz мухбири хабар бермоқда. 

Лойиҳалардан бири ҳисобланган 9 та тўқимачилик корхонаси Наманган (3 та лойиҳа), Сурхондарё (2 та лойиҳа), Қорақолпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм (1 та лойиҳадан) вилоятларида ишга туширилди.

Ҳозирда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ таркибига 450 дан зиёд тўқимачилик, тикув-трикотаж корхонаси киради. Шуларнинг 30 фоиздан  кўпроғи хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.

Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш ҳажми таъминланмоқда, жумладан, йиллик ип калава ишлаб чиқариш ҳажми 590 минг тоннадан ортиқ, ип газлама ишлаб чиқариш 485 млн.кв.м, трикотож матолар 103 минг тонна, тайёр маҳсулотлар 660 млн. дона ва пайпоқ маҳсулотлари 132 млн. жуфтни ташкил этади. 

Ташқи бозорга ҳаридоргир тайёр маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида сунъий тўқимачилик хомашёси (синтетик иплар ва аралаш газламалар) аралаштирилган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида амалга оширилмоқда. 

Бундан ташқари, умумий қиймати 600 млн. доллардан зиёдни ташкил этадиган 58 дан ортиқ қўшимча лойиҳа ҳам мавжуд.
Қишлоқ жойларида ва республиканинг иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудларида қўшимча 27 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Мавзуга оид