08:13 / 13.07.2017
14959

Олти ой ичида Тошкентда 47 транспорт воситаси ёниб кетди

Фото: Facebook/Водители Ташкента

Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси аҳоли гавжум жойлар, хусусий сектор ва тиббиёт муассасаларида ёнғинлар профилактикасига қаратилган тадбирлар ўтказмоқда. Турли учрашувлар, cеминарлар, давра суҳбатлари ва ёнғин-тактик ўқув машғулотлари шулар жумласидандир, деб ёзади ЎзА. 

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги, таълим, тиббиёт муассасалари, маданий-кўнгилочар масканлар, саноат корхоналари, улгуржи ва чакана савдо объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, коммунал хизматлар вакиллари иштирок этмоқда. 

Тадбирлар давомида оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш, қуруқ япроқ ва чиқиндиларнинг ёниши, электр ускуналарининг носозлиги ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани қайд этилмоқда. Президентнинг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳар ҳафтанинг чоршанбасида ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси куни доирасида пойтахтда 22 маҳалла ва 11 ижтимоий муҳим объектда учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. 

"Ўрикзор савдо комплекс" МЧЖ ҳудудида ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш тактикасини амалга ошириш кўникмаларини такомиллаштирди. 

– Ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг профилактика ва ёнғин назорати бўлими инспектори Муслима Раҳимова. – Шунингдек, қуруқ ўт-ўланлар, чиқиндиларнинг ўз вақтида йиғиштириб олинмаслиги ёки оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш ёнғин чиқишига сабаб бўлиб, бу инсонлар ҳаёти ва саломатлигига хавф солиши мумкин. Ёз мавсумида ёнғинларнинг аксарияти қуруқ ўт-ўланлар ёниши билан боғлиқ бўлиб, баъзан аланга турар жой биноларига ҳам ўтмоқда. Шу йилнинг олти ойи давомида пойтахтимизда 695 ёнғин содир бўлиб, бунинг оқибатида икки миллиард сўмга яқин зарар етказилди. Агар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилганида уларнинг олдини олиш мумкин эди. 

Тадбирларда оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши оқибатида зарар етказилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилди. Хусусан, ёз мавсумида Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси диспетчерлик хизматига қуруқ ўт-ўланлар ёниши тўғрисида ҳар ҳафта қирқтагача мурожаат келиб тушади. Воқеа содир бўлган жойга яқин ҳудуддаги ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳар бир чақирувга зудлик билан етиб боради. 

Шунингдек, тадбирларда транспорт воситалари ёнишининг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу йилнинг олти ойида Тошкент шаҳрида турли техник сабабларга кўра, 47 транспорт воситаси ёнган. Ёнғинларнинг аксарияти автомобиль электр симларининг носозлиги туфайли юзага келган. 

Top