11:18 / 19.07.2017
16287

Қорақалпоғистоннинг Чимбойида электрдан 1 миллиард сўм қарздорлик 118 фуқарога “тақсимланган”

Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаевнинг ЎзА билан суҳбатда айтишича, қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Чимбой филиали масъул шахслари ўзлари учун жиноий схема ишлаб чиққан. Унга кўра, юзага келган 1 миллиард сўм қарздорлик 118 фуқарога “тақсимланган”. Уларни ундириш бўйича тегишли даъволар қўзғатилган. Лекин ижро ҳужжатлари ижроси таъминланмаган. 

Бу соҳада йўл қўйилган жиноий хатти-ҳаракатларнинг айримларини тамагирлик, порахўрлик ҳамда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўланган маблағларни талон-тарож қилиш кабилар ташкил этган. 

Бундай жиноятларнинг асосий қисми энергия ресурслари учун тўловларни ундиришга масъул бўлган назоратчилар томонидан амалга оширилгани айтилди. Бу йўналишда 40 жиноят иши қўзғатилган бўлиб, шундан 18 жиноий иш 20 назоратчига (электр бўйича – 5, газ бўйича – 15) тааллуқли. 13 ҳолатда қарздорликни йўқотиб бериш учун истеъмолчилардан ноқонуний равишда пул олинган. 

Масалан, “Бухоротумангаз” филиали назоратчиларидан бири икки мижоздан 4,6 миллион сўм бўлган қарзларини “қоплаб” бериш учун 400 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган. Уларга тўлов тўлангани ҳақида ноқонуний ҳужжат берган. 

“Мирзаобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири 1,2 миллион сўмлик қарзни “ёпиш” эвазига истеъмолчидан 700 минг сўм олган. Текшириш давомида бу шахс ана шундай йўл билан 417 ноқонуний ҳолатга йўл қўйгани ва давлатга 31,3 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлди”, - дейди Қудратхўжаев.

Яшнобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири эса қарздорликни сунъий равишда камайтириб бериш эвазига истеъмолчидан 200 АҚШ доллари олаётган пайтда қўлга олинди. 

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси ўз жамоадошлари билан тил бириктириб, “Элсус” корхонасига қиймати 1,1 миллиард сўмлик трансформаторни 754,8 миллион сўмга пуллаган. Оқибатда давлатга 331,2 миллион сўм зарар келтирилган. Минг афсуски, бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. 

Назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига ҳам йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу борада электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланган 15 ҳолат аниқланди. Мисол учун, чинозлик У.Абдуллаев ўз уйида яширин 159 квадрат метрли музлатгич ташкил этган ва уни ишлатиш учун электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Натижада 290,3 миллион сўм зиён келтирган. 

Косонсой тумани “Сувоқова” корхонаси масъул шахслари насосларни ишлатиш учун электр энергиясидан икки йил давомида ноқонуний фойдаланган ва етказган зарари 223 миллион сўмни ташкил этган. 

Бундай ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ишлари изчил давом эттирилаётгани маълум қилинди. 

Top