Жамият | 18:00 / 20.07.2017
56292
4 дақиқада ўқилади

Мажбурий ижро бюроси давлат назоратчилари ниманинг ҳисобидан маош олишади?

Самарқанд шаҳридаги «Матбуот уйи»да Мажбурий ижро бюросининг вилоят бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг учрашуви бўлиб ўтди.

«Зарафшон» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғ.Ҳасанов очиб берган матбуот анжуманида янги ташкил этилган давлат идораси ходимлари ижро интизоми, аҳолининг тўлов маданияти ва масъулияти, шунингдек, вилоятда бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида журналистларнинг саволларига жавоб беришлари ҳақида айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Акмал Имомов вилоятдаги коммунал ундирувлар таҳлили мавзусида чиқиш қилди ва берилган саволларга жавоб қайтарди.

«Айни пайтда вилоят бошқармаси учун маъмурий бино таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилишга тайёрланмоқда. 16 та туман-шаҳар бўлимлари ҳам бинолар билан таъминланган. Вилоятдаги жами штат бирликлари 862 кишини, жумладан, давлат ижрочилари 129 нафарни, давлат назоратчилари эса 457 нафарни ташкил этмоқда. Илгари вилоятда  электр ва газ пулини йиғувчи назоратчилар 1300 нафардан ортиқ кишини ташкил этгани ҳисобга олинса, штатлар деярли уч баробар қисқартирилиб, инсон омили камайтирилиб, иш назорат техника зиммасига кўпроқ юкланади», — деди вилоят МИБ бошлиғи ўринбосари.

«Юқорида санаб ўтилган 457 киши прокуратура ходимлари ҳисобланмайди. Гарчи улар керакли форма, техникалар билан таъминланса-да. Улар билан ҳар 6 ойда шартнома имзоланади. Улар ўзларига бириктирилган ҳудуддаги тўловларни ундириш шкаласи, ишлаб чиқилган механизмга қараб меҳнати баҳолаб борилади, агарда қайси ҳудуд назоратчиси етарли балл тўплай олмаса, у билан шартнома узайтирилмайди. Уларга бюджет ҳисобидан маош тўланмайди, тўловлар орқали шакллантирилган жамғарма ҳисобидан ойлик олишади. Ана шундай назоратчиларнинг 70–80 фоизини ҳозирча собиқ газ ва электр энергияси назоратчилари ҳисобидан шакллантирилган», — деб тушунтирди А.Имомов.

Илгари газ ва электр энергияси назоратчилари аҳолининг тўловларини кирим қилмасдан ҳазм қилиб юбориш, сўнгра ЖКнинг 168-моддаси — фирибгарлик бўйича судланиб, жарима тўлаб, озодликда юришарди. Энди назоратчилар давлат ходими ҳисобланади ва уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ЖКнинг оғирроқ моддалари билан жазоланишини ҳақида огоҳлантирилаётганлиги айтиб ўтилди.

Мажбурий ижро бюросининг анжуманда иштирок этган бошқа ходимлари ҳам газ, электр энергияси учун тўловларнинг ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, ортиқча ёзилган қарздорликларни қандай қайта ҳисоблатиш, янги ҳисоблагичлар тизими ва тўловларнинг ундирувига оид янгиликлар борасида журналистларнинг аниқлаштирувчи саволларига жавоб беришди.

Шунингдек, шу кунгача собиқ суд ижрочилари учун энг муаммоли масала — алиментлар бўйича қарздорликларни ундириш ҳақида ҳам саволларга жавоб қайтарилди. Жумладан, алимент бўйича суд қароридан сўнг ҳам фарзандлари учун тўловларни пайсалга солиб юрган айрим собиқ эрларнинг алимент тўлаш учун тайинли иш жойи, мулки бўлмаса Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, ҳаттоки қамоқ жазосига дучор бўлиши ҳам тилга олиб ўтилди.

Фарзандларнинг ота-онани қаровсиз қолдиргани учун алимент ундириш масаласи ҳам муҳокама этилди ва ижро бюроси ходимлари ана шундай мурожаатлардан сўнг фарзандлардан ота-онага алимент ундириб бериш амалиёти билан ҳам тўқнаш келганликларини айтиб ўтишди.

Анжуманда Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Нуриддинхон Исломов ҳам иштирок этди ва Ислом динида қарздорлик масаласи қай тарзда ёритилгани, бировларнинг ҳақини ботил йўл билан ейиш ҳаромлиги ҳақида чиқиш қилди.

Анжуман сўнгида МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати ҳам фаолият кўрсата бошлагани, барча журналистлар хизмат билан боғланган ҳолда ўз саволларига жавоб олиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Шуҳрат Шокиржонов, 
Кун.узнинг Самарқанддаги мухбири.

 

Мавзуга оид