17:44 / 26.07.2017
24413

ХПКда навбатдаги сессия: Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва амалга ошириш механизми

2017 йил 26 июль куни Халқаро Пресс-клубда «Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва амалга ошириш механизми» мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Анжуман давомида Республикамизда солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мужбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ тўловчиларга яратилган қулайлик ва имтиёзлар, давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари, давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекциясининг вазифа ва функциялари муҳокама қилинди.

Сессияда журналистларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари Эркин Гадоев, Назарали Норбоев ва Хотамбек Шакиров, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Нодиржон Жўраев, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Шухрат Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев, Марказий банк раиси ўринбосари Саидкамол Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Қахрамон Валиев ҳамда Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитасининг мутасадди ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Солиқ академияси ўқитувчилари жавоб бердилар.

Шунингдек, анжуманда Халқаро Пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши, соҳа экспертлари, мутахассислар, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалалари алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлайдиган солиқ тизими янги даврни бошлаб берди.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг еттита муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилиши белгиланди.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкинлиги, ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади. 

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади. Давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб варақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади.

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади; 

Солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади;

Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради. 

Фармонга асосан Давлат солиқ хизмати органларининг штатлар сонини қисқартириш ҳисобидан чекланган штат сони 41 нафардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида 2 та янги бош бошқарма, Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармалари ташкил этилди. Шунингдек 4 та тузилма номлари ўзгартирилиб, янги функционал вазифалар юклатилди. 

Солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари – Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди.

Top