Light | 20:29 / 01.08.2017
31614
4 дақиқада ўқилади

Ичери шеҳер - шаҳар ичидаги шаҳар (фотожамланма)

Ичери шеҳер (Эски шаҳар, Ичкари шаҳар) -  Озарбойжондаги шаҳар ичидаги шаҳарча. Бу ерда кўплаб тарихий обидалар қаторида 18 меҳмонхона, 100 га яқин савдо растаси фаолият юритади, шунингдек 1300 дан зиёд оила истиқомат қилади. "Кун.уз" мухбири Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ва Халқаро Евроосиё матбуот фонди (International Eurasia Press Fund) ташаббуси билан мазкур тарихий масканида бўлиб, унга доир маълумотлар ва суратлар билан бўлишди. 

Минг йиллик тарихга эга Ичери шеҳер Ширвоншоҳлар давлати пойтахти ҳисобланади. Шу билан бирга шаҳар Яқин Шарқнинг энг қадимий иқтисодий ва маданий маркази ҳамдир. 

Майдони 22 гектардан иборат Ичери шеҳер ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28 таси давлат даражасидаги, 3 таси дунё миқёсидаги  аҳамиятга эга. 

Тарихий-меъморий ёдгорлик Баку шаҳрининг Сабаил тумани ҳудудида жойлашган. Ичери шеҳер баландлиги тахминан 8-10 метрни ташкил қилувчи қалъа деворлари билан ўралган.

 1977 йилда Ичери шеҳерга Тарихий-меъморий ёдгорлик мақоми берилди, 1985 йилда эса у Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги деб эълон қилинди. 2005 йилнинг 10 февралида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев томонидан Республика Вазирлар Маҳкамаси қошида "Ичери шеҳер" Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги бошқармасини ташкил қилиш тўғрисидаги фармон имзоланди. Бугунги кунда бу ажойиб масканнинг бой маданий мероси тадқиқоти ва тарғиботи учун мазкур бошқарма масъулдир. 

2000 йилда Ичери шеҳер Қиз қалъаси ва Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси билан бирга ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. 

Ичери шеҳернинг энг диққатга сазовор обидалари - Қиз қалъаси (V-VI асрлар), Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси (XII аср), Муҳаммад ибн Абу Бакр масжиди (XI аср), Диний-меъморий мажмуа (XII аср), Имом Усмон Аш-Ширвоний масжиди (XIV аср), Археологик парк, Кичик Карвон-сарой (XII аср) ва бошқалар. Шунингдек бу ерда дунёдаги биринчи Митти китоблар хусусий музейи ва жаз-муғом асосчиси Вагиф Мустафозоданинг уй-музейи мавжуд. 

Эски шаҳар бўйлаб сайр қилар экансиз, қадимги ва замонавий руҳдаги ресторан ва кафелар ҳамда меҳмононаларга кўзингиз тушади. Уларда сизларни Озарбойжоннинг хушбўй чойи билан меҳмон қилишади. 

Ичери шеҳер кўчалари ва савдо расталарида вақтингиз қандай ўтганини билмай қоласиз. Бу ердаги дўконларда Озарбойжоннинг хилма-хил миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эътиборини жалб қилиб келади. 

Савдо расталарида анор шаклидаги буюмларнинг кўплиги диққатингизни тортмай қолмайди. Улар нафақат Ичери шеҳерда, балки мамлакатдаги барча маданий масканларда кўзга ташланади. Бу ерда анор мевалар "қироли" ҳисобланади. Озарбойжон анорнинг барча навлари етиштириладиган ягона мамлакатдир. 

Кўҳна шаҳар кўчаларининг озодалиги, чиқиндилар тўпланадиган жойларнинг орасталиги таҳсинга лойиқ. 

Таъкидлаш жоизки, "Олмос қўл" ("Бриллиантовая рука") фильмининг машҳур эпизодлари Ичери шеҳер кўчаларида олинган, бу кўча сайёҳларнинг севимли масканига айланган десак адашмаймиз. 

Шундай экан, Озарбойжонга йўлингиз тушса, албатта Ичери шеҳерни зиёрат қилинг. Бу ерни бир кўрган киши яна қайтиш истагини билдиришига эса шубҳа йўқ. 


Лола Раҳмонбоева