20:32 / 03.08.2017
16620

Ташқи ишлар вазирлиги Иссиқкўлда ўзбекистонликлар иштирокида рўй берган ЙТҲ бўйича маълумот берди

3 август куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти, Қизил-Ўрук қишлоғида тахминан соат 11:30да «Балиқчи-Чўлпонота-Қоракўл» автомобил йўлининг 17-километрида микроавтобус ва енгил автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотига асосланиб, Ўзбекистон ТИВ сайти хабар берди.

Олинган маълумотларга биноан микроавтобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳатланди. Улардан 4 нафари, жумладан бир бола – Ўзбекистон фуқароларидир.

Ўзбекистон элчихонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқа ўрнатди. Олинган маълумотларга кўра, жароҳатланган 9 кишининг ҳаммаси Балиқчи шаҳридаги ҳудудий касалхонага етказилган. Айни пайтда ЙТҲ жойида тезкор тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.

Элчихона Консуллик бўлими томонидан жароҳатланган Ўзбекистон фуқароларининг шахси аниқланмоқда ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чоралар қўлланмоқда.

Бундан аввалроқ ЙТҲ оқибатида жароҳат олган ўзбекистонликлар рўйхати келтирилганди:
1. Елена О., 1976 йилда туғилган. Аҳволи барқарор.
2. Вероника О., 2006 йилда туғилган. Аҳволи барқарор
3. Игорь О., 2006 йилда туғилган. Аҳволи ўртача оғирликда.
4. Людмила О., 1952 йилда туғилган. Аҳволи барқарор.

Top