Бугун, 30 июн куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўл ёқасида Осмон шаҳри қурилишига тамал тошини қўйди.

“Биз марварид кўлимиз – Иссиқўл соҳилида инновацион шаҳар бунёд этиб, уни иқтисодий ва туристик марказга айлантирамиз”, – деди Жапаров бугунги маросимда.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, Осмон шаҳри Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган ҳабга айланиб, Қирғизистон иқтисодиёти учун локомотив вазифасини бажаради.

“Осмон шаҳрининг лойиҳасига ва қурилишни бошлашга давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмади. Бу – бундай йирик лойиҳанинг амалга оширилишида иштирок этишга қизиқиш билдирган ташқи инвесторлар борлиги билан боғлиқ”, – деди Жапаров.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Аввалроқ, Осмон шаҳрининг шакли юқоридан қараганда қирғиз миллий мусиқа асбоби – қомузга ўхшаши айтилганди. Бу мусиқий асбобнинг сурати 1 сомлик банкнотада ҳам акс эттирилган. Шаҳар 4 минг гектар ҳудудда жойлашиб, 500-700 минг аҳолига мўлжалланган бўлади. Лойиҳани амалга оширишнинг тахминий муддати – 7-10 йил.

Концепцияга асосан, экологик тоза Осмон шаҳри мамлакатнинг иқтисодий ва туристик марказига айланиб, у ерда илғор таълим ташкилотлари, замонавий бизнес-марказлар ва молия муассасалари фаолият юритади. Шаҳарда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, боғлар, замонавий туристик ва спорт инфратузилмаси яратилади.

Шунингдек, дунёдаги энг йирик масжидлардан бирини қуриш, фильмлар суратга олиш учун павильонлар ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган.

Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Осмон юқори технологик ақлли шаҳар бўлиши ваъда қилинмоқда: у ерда муқобил энергия манбаларидан фойдаланилади, юқори даражадаги энергия тежамкорлик таъминланади, экологик тоза транспорт турлари жойлаштирилади ва умуман, яшил иқтисодиёт тамойилларига амал қилинади.