Маслаҳатлашувлардан бирлашувга: Эртага Марказий Осиё етакчилари муҳим келишувни имзолаши кутилмоқда
20-21 июль кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этадиган тадбир минтақа учун муҳим тарихий учрашув бўлиши кутилмоқда.
Хусусан, учрашув доирасида «XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида» шартнома имзоланиши кутилмоқда. Бундай ҳужжат лойиҳаси ҳақидаги маълумот Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида пайдо бўлган.
Қозоғистон бош вазири томонидан берилган тушунтиришда, ҳужжатни қабул қилишдан мақсад халқаро майдондаги таранглик, геосиёсий фаоллашув ҳамда глобал хавфсизликка ортаётган таҳдидлар фонида Қозоғистон учун Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
Бундан ташқари, аввалги маслаҳатлашув учрашувлари давомидаги хулосаларда минтақа давлатлари ўзаро яқинлашишни доимийга айлантиргани ҳамда кўп томонлама конструктив сиёсий мулоқот пайдо бўлгани айтилмоқда.
Қирғиз маҳаллий нашрларининг ёзишича, келишув ҳужжати лойиҳасида томонлар ҳарбий, савдо-иқтисодий, логистика, маданий-гуманитар, фуқаро мудофааси ҳамда энергетика ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириши назарда тутилган.
Шартномада, шунингдек минтақа давлатларининг халқаро майдондаги таҳдидларга нисбатан кучларини мувофиқлаштириш, бир-бирига нисбатан куч ишлатиш ва куч билан таҳдид қилишдан тийилиш каби мажбуриятлари бор.
Агар ушбу шартнома имзоланса, минтақа давлатлари Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидан ташқарида ҳам интеграция жараёнларини фаоллаштириши бошланишини кутиш мумкин.
Бугун Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги учрашувда ҳам 21 июль куни йирик ҳужжатлар пакети имзоланиши қайд этилган.
Шунингдек, Жапаров Қирғизистон минтақада рақобат эмас, ўзаро савдо айланмаси, ҳамкорлик ҳамда бир-бирини тўлдиришни муҳим ҳисоблашини таъкидлаган.
Тахмин ва таҳлиллар
Таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари интеграцияси келажагига турлича баҳо бермоқда. Лекин кўпчилик интеграцион жараёнлар фаоллашувига Россиянинг Украинага бостириб кириши ва урушнинг иқтисодий-ижтимоий оқибатлари туртки бўлганини айтмоқда.
Иқтисодчи Азамат Акеневга кўра, Марказий Осиё давлатларидаги ўз потенциали ва дунё учун муҳимлиги ҳақидаги иллюзиялар йўқолгач бирлашиш ҳаракатлари анча фаоллашган. Ушбу давлатлар халқаро ҳамжамият томонидан ягона минтақа сифатида қабул қилиниши Марказий Осиёдаги ўзаро ҳамкорликни бошлашга туртки бўлиши керак.
«Шахслар ҳам муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун «янгилар»га келишиш осон бўлади. Уларда асосланмаган даъволар ва эски хафаликлар йўқ. Марказий Осиё давлатларининг деярли барчасида етакчилар алмашди. Улардан олдингилар ўз ваколатларини кимгадир ўтказиш, суверенитетининг бир қисмини беришга тайёр эмасди. Шунингдек, шахсий қарама-қаршиликлар бор эди. Ҳозирги президентлар орасида келишмовчилик йўқ», – дейди эксперт.
Бошқа бир таҳлилчилар эса бу учрашувлар йирик масштабдаги бирлашувларга олиб бормаслигини, балки шу мавзудаги муҳокамалар билан тугашини тахмин қилмоқда.
«Бу Россиянинг минтақадаги ролини минималлаштиришга қаратилган уриниш бўлиши ҳам мумкин. Чунки Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаган Москва ШҲТ, ЕИО ва ОДКБ каби ташкилот аъзоси бўлган давлатлар учун ноқулай ҳамкорга айланди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларидаги демократик реформалар самарадорлигига қараб маслаҳатлашув учрашувлари анча қатъийроқ, институционал форматга айланади ва бу интеграциянинг ҳам самарали бўлишига олиб келади», дейди таҳлилчи Нурсултан Акылбек.
Бундан ташқари, давлатлардаги турли хил потенциал ва ташқи иқтисодий-сиёсий векторларнинг ҳар хиллиги – самарали савдо-иқтисодий соҳадаги бирлашувларга эришишда тўсиқ бўлиши мумкин.
Маслаҳатлашув учрашувлари
Минтақа давлатларининг бу каби маслаҳатлашув учрашувлари, дастлаб 2018 йил Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтган. Иккинчиси 2019 йил Тошкентда ўтказилган. 2020 йилда Қирғизистонда бўлиши режалаштирилган учрашув коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган. 2021 йил август ойида бўлиб ўтган сўнгги маслаҳатлашувларда қўшни давлатлар раҳбарларини Туркманистон қабул қилган эди.
Бугун президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида қатнашиш учун Қирғизистонга жўнаб кетди.
Мавзуга оид
17:23
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024
Ўзбекистон элчиси президент Садир Жапаровга ишонч ёрлиқларини топширди
17:13 / 20.12.2024