12:45 / 09.08.2017
55241

Таклиф: Бир соҳага иккита вазирлик нега керак?

Ёшлигимдан бир савол мени қизиқтириб келади: Битта соҳага иккита вазирлик нега керак? Гап халқ таълими вазирлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги устида бормоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида амалга оширилган оламшумул ислоҳотлар — Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ҳамда «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури»нинг ҳаётга татбиқ этилганлиги бу саволни янада ойдинлаштиргандек, назаримда.

Чунки мазкур икки Дастуриламалда ТАЪЛИМ жараёнлари ЯХЛИТ ТИЗИМ сифатида шакллантирилган, яъни асосан, 3 босқичли таълимни назарда тутади: мактабгача ва умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими, олий ва малакавий таълим. Ана шу асосий хусусиятни ҳамда қуйи тизимлардаги ташкилий жиҳатдан айрим узилишларни ҳисобга олган ҳолда иккала вазирлик негизида ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИНИ ташкил этишни таклиф этаман.

Ушбу вазирлик юқорида айтиб ўтилган таълим босқичларини қамраб олувчи УЧТА бошқармани ўз ичига олади:

1. Мактабгача ва умумий ўрта таълим бош бошқармаси.

2. Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бош бошқармаси.

3. Олий ва малакавий таълим бош бошқармаси. (Олий таълимдан кейинги таълим босқичлари ҳам шу бошқарма ваколати доирасига киради).

Энди ҳозирги ҳолатга бир оз изоҳ берсам.

Уч босқичли тизимга ўтилгандан кейин мактабгача таълим ва айниқса, умумий ўрта таълим ривожланишдан орқада қолиб кетди, «мактаб» тушунчасининг оҳори тўкилиб кетди ва шунга мувофиқ тарзда халқ таълими вазирлигининг ҳам нуфузи анчага пасайди.

Бу жиҳатдан олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги анча илгарилаб кетди. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳолатни бир ҳовлида яшаётган БОЙ АКА ва КАМБАҒАЛ УКА оиласининг ҳаёт тарзига қиёслагим келди. Энди агар уларнинг рўзғорини бирлаштирсак, яъни ягона ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ташкил этилса, кўзланган мақсадга — баркамол авлодни шакллантиришда янада яхшироқ самараларга эришиш мумкин бўларди.

Биз истаймизми-йўқми, барибир, асосий фундаментал билим ва тарбия мактабда берилиши керак. Демак, умумий ўрта таълим кучайтирилса, ўрта-махсус ва олий таълим ҳам бундан тўлиқ манфаатдор.

Таклифнинг яна бир жиҳати шуки, бир вазирлик тасарруфига ўтгач, олий таълим тизими ресурсларининг бир қисмини мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларини ривожлантиришга йўналтириш мумкин бўлади. Бундай тизимга ўтишнинг маънавий асослари ҳақида ҳам атрофлича гапириш мумкин.

Жамиятга тоза ҳаво олиб кираётган президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 11 йиллик ўрта таълимни қайта жорий қилишни таклиф қилган эканлар, ушбу жараёнда узлуксиз таълимдаги янгиланишлар ҳам юқоридаги таклифим асосли эканини яна бир бор исботлаб турибди.

11 йиллик мактабнинг афзал томонларини эътироф этган ҳолда, бу янгиликка юз фоиз қўшиламиз. Лекин шу билан бирга коллежлар фаолиятини ҳам сақлаб қолиш зарур ва шарт. «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий Дастурида ўрта махсус таълимга «ихтиёрий-мажбурий» тамойили асос қилиб олинган. Шу ричагни қўйиб юбормаслик керак. Балки ўқиш муддати 3 йил эмас, 1–2 йилликка қисқартирилар, лекин 11 йиллик мактабни тамомлаган битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган қисми албатта коллежлар томонидан қамраб олиниши керак.

Ана шунда «11 йил мактабда ўқиб, бирор ишнинг бошини тута олмайдими?» деган саволга ўрин қолмайди. Менимча, мактабни тамомлаган битирувчи олий таълим ёки ўрта махсус таълим дипломига эга бўлиши шартлиги қонунан белгилаб қўйилиши керак.

Яна бир муҳим гап: Агар ягона таълим вазирлиги ташкил этилса, халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги педагог ва ходимларнинг ҳам елкасига офтоб тегарди.

Маърифат Қосимова,

филология фанлари номзоди,

Андижон шаҳри.

Top