15:21 / 23.08.2017
50218

«Пресс-клуб вазирликмас. Баъзан форматдан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлди» - Шерзод Қудратхўжаев

Фото: Facebook/Шерзод Қудратхўжаев

23 август куни ЎзМТРК Медиа марказида Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти иштирок этиб, журналистлар билан мулоқот олиб борди. Унинг бошланиш қисмида ХПК раиси Шерзодхон Қудратхўжаев Пресс-клуб фаолиятига қисқача тўхталиб ўтди. 

«Биз ўтган ҳафталар мобайнида республика вилоятларига чиқдик. 16 кун ичида 10 вилоятда бўлдик. Биз ўзимизга яраша хулосалар қилдик ва бу бўйича лойиҳалар тайёрлаяпмиз. Бизнинг мақсадимиз, Президент ислоҳотларининг жойлардаги бевосита ижрочилари, ҳокимларни халққа яқиндан таништириш эди. Биз катта авлод, хориж сиёсатчиларини билардик, аммо жойларда катта ўзгаришларнинг бошида турганларни яхши билмасдик», деди у. 

Қудратхўжаев шунингдек, ХПКнинг асосий вазифасига тўхталар экан, Пресс-клуб вазирлик ёки ҳокимият идораси эмаслигини ёдга олиб, у журналистлар ахборот олиши учун майдонча эканини таъкидлади. 

«Пресс-клуб вазирликмас, кўрсатувмас, аслида. Пресс-клуб мулоқот учун, журналистлар ахборот олиши учун майдонча. Баъзан форматдан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлди. Ток-шоуга айланиб қолди. Аммо, бунга ҳам эҳтиёж бўлгани сабабли шундай йўл тутилди. 

Бугунги сессия Пресс-клубнинг ўз форматига қайтиши бўлади. Яъни журналистлар ва вазирлик ҳамда идоралар вакиллари ўртасида фикр алмашишни йўлга қўйиш», деган Қудратхўжаев. 

Пресс-клубнинг жонли эфирга чиқиши бекор қилингани кўрсатувлар жадвалининг торлиги ва ХПК каби кўрсатувлар катта эфир вақтини олиб қўйилаётгани билан изоҳланди.

Top