Ўзбекистон | 18:36 / 17.01.2024
17265
13 дақиқада ўқилади

«Журналист – таҳдидларга қарши яхлит ва ягона куч» — фаоллар президентнинг миллий контент яратишга оид чақириғи ҳақида

XXI асрда ахборот хуружлари энг катта таҳдидлардан бирига айланди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шундай вазиятда, давлат суверенитети ва миллий манфаатлар ҳимояси учун эркин ОАВ майдонга чиқади. Kun.uz'нинг жамоатчилик фаоллари билан навбатдаги суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 январ куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ахборот хавфсизлиги масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишдаги ташаббусни сақлаб қолиши кераклиги ҳақида гапирди. Хўш, давлати раҳбари томонидан тилга олинган миллий контент тушунчаси ўзи нима? У қандай бўлиши керак? Айни шу мавзуда медиа соҳаси фаолларининг фикрлари билан қизиқдик. Суҳбатдошларимиз Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси Шерзодхон Қудратхўжа, "Fikrat" лойиҳаси муаллифи Ғайратхўжа Сайдалиев, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ, "Uzreport tv" муҳаррири Гулноза Ҳусанова, "Zo'r tv" журналисти Нурзод Воҳидов бўлди.

Шерзодхон Қудратхўжа – Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси

Ҳар бир давлатнинг жўғрофияси – алоҳида. Ўзбекистоннинг бугунги аҳолиси бошқа бир давлатнинг оммавий ахборот воситалари таъсирида яшай олмайди. Бу нотўғри. Чунки улар ўзининг фаолиятини ёритади. Бугун биз тушунишимиз керакки, Ўзбекистон жуда катта тарихга, маданиятга, санъатга, билимлар ва илмларга бой мамлакат. Телевидение, интернетда берилаётган контент ҳам шунга мос бўлиши керак. Яъни бизнинг бугунги миллий медиа нашрларимиз холислик, объективлик билан бирга тарихимиздан келиб чиқадиган, миллатимизга маъқул бўладиган контентларни ишлаб чиқиши керак. Миллатимизнинг ўз географик жойлашувига кўра истеъмол қиладиган миллий таомлари бор, миллий либосларимиз бор, худди шундай миллий контент ҳам бўлиши керак.

Гулноза Ҳусанова – "Uzreport tv" муҳаррири

Узоқ йиллар давомида халқимиз Россия телеканалларини кўрди. Ахборот, асосан, бошқа бир мамлакат пропагандаси билан шуғулланувчи манбалардан кириб келди. Агар катта авлод вакиллари билан гаплашсангиз, уларнинг амалдорларининг (россиялик амалдорлар) исм-фамилияси билан танишади. Уларнинг журналистлари гапирган гапни ҳақ деб билишади ёки ҳақиқатни сўзлайди деб тушунишади. Бу пропаганданинг кучи ва таъсиридир. Миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан ҳам бизда кучли, мустақил оммавий вхборот воситалари бўлиши керак. Миллий медиамаконда ҳар қандай таҳдидга муносиб жавоб бера оладиган таҳлилий материаллар – контентлар яратилиши шарт. Бунинг учун яхши кадрлар, ҳақ гапни гапиришдан қўрқмайдиган журналистлар армияси шаклланиши зарур.

Ҳамид Содиқ – сиёсатшунос

Ўзбекистон ахборот макони деган тушунчани мамлакатимизга бугунги кунда таъсир кўрсатаётган, катта ахборот босими ва юкламасини бераётган, давлатлар ёки ахборот субъектларидан ҳимояланган (яъни ҳимояланган деганимизда давлатнинг ёпилиши нуқтаи назаридан эмас, балки давлат ичидаги ахборот айланиши эркинлиги нуқтаи назаридан), таҳлилларнинг кучлилиги асосида яратилган ахборот майдони сифатида тавсифласак бўлади. Айнан президентимиз томонидан Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида бу нарсага эътибор қаратилгани жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Давлат раҳбари мазкур масалани бошқа йиғилишларда ҳам айтиши мумкин эди. Лекин ушбу мавзу ҳарбийлар ичида тилга олинди. Бугунги кунда давлат ҳарбий хавфсизлиги асосининг тенг ярмини ахборот хавфсизлиги ташкил этади. Ахборот хавфсизлиги бевосита таҳлилий маълумотлар билан боғлиқ бўлиши ва халққа реал воқеаларни етказиш муҳимлигини президентнинг айнан шу нутқидан билишимиз мумкин.

Демак, ахборот майдонининг энг муҳим хусусияти шундан иборатки, бу ерда пропаганда бўлмаслиги керак, бу ерда миллий манфаатни кўзлаган ҳолда дунёда юз бераётган геосиёсий воқеаларга баҳо бериш масаласи кўриляпти.

Президент ўз нутқида айтяптики, бундай жараёнда Ўзбекистоннинг сиёсий тизимига ҳам, сиёсий институтларига ҳам етарлича босим ўтказилади ва уларга нисбатан танқид бўлади .

Ғайратхўжа Сайдалиев – "Фикрат" нашри журналисти

Миллийликка урғу бериш, алоҳида бўлиш – консерватизм сифатида баҳоланар эди. Бугунги глобализм даврида кўряпмизки, ҳозирда ҳақиқатдан ҳар бир давлатнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳамма нарсаси ўзиники бўлса яхши экан. Бировга боғлиқликни максимал даражада камайтириш лозим. Агар бу бевосита хавфсизликка таъсир этадиган бўлса, мутлақо чеклаш масаласини кўриб чиқиш зарур.

Ахборот сўзи билан бирга доим хавфсизлик масаласи келади, чунки бу инсонни бошқаради. Инсон эса жамиятнинг бир аъзоси сифатида бошқарувда иштирок этади. Шунинг учун ахборот хавфсизлиги масаласига жиддий қараляпти. Миллий контент терминини ахборотлаштириш, ахборот соҳасидаги маълумотларни миллийлаштириш деб тушуниш мумкин. Бир сўз билан айтганда, миллий контент яратиш – миллий ахборот майдонини ташкил этиш ва уни тўлдириш.

Сиз мустақил тарзда ахборот майдонини яратишингиз мумкин – техник ресурслар, моддий-молиявий томондан инсонлар қуввати бунга етади, айниқса, давлатнинг салоҳияти бу нарсага бемалол етади. Лекин у майдон ҳеч қандай кучга эга бўлмайди, агар у ўзингиз томонингиздан тўлдирилмаса, четдан тўлдирилади.

Нурзод Воҳидов – "Zoʻr tv" журналисти

Миллий контент дейилганда, Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, миллий урф-одатлари, йиллар давомида шаклланган анъаналаримизни қайсидир маънода содда ва қизиқарли қилиб етказиб бериш тушунилади. Чунки авваллари маълумотнинг тушунарлилиги биринчи ўринда турган бўлса, ҳозирда унинг қизиқарлилик даражаси муҳим рол ўйнаяпти. Нима учун? Одамлар шу даражада “эринчоқ” бўлиб қолдики, ҳатто Instagram ижтимоий тармоғига жойланган бир дақиқалик видеони ҳам охиригача кўрмаётганлар бор. Бундай шароитда аудитория эътиборини ушлаб туриш учун тайёрланган контентларнинг даcтлабки ўн сониясидан одамларни қизиқтира олиш керак.

Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, бугун ижтимоий тармоқларда блогерликка даъво қилаётганларнинг аксарияти тутуруғи йўқ гаплар, рақс ҳам деб бўлмайдиган ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шунинг ортидан ўзига обуначи йиғган ва натижада ўзини контентмейкер ёки блогер, вайнер деб эълон қилган. Кузатувчилар сонига қарайдиган бўлсак, алам қиларли даражада(!) Сабаби профессионал ёндашадиган, томошабинга маънавий озуқа бера оладиган, фикрлашга чорлайдиган инсонларнинг ижтимоий тармоғини кузатсангиз, обуначилари сони жуда кам. Ва улар қолдираётган постга лайк ва изоҳлар ҳам саноқли. Лекин турли хил ғалати гапларни гапириб чиқадиганларни бугун кўпчилик кузатяпти. Агар мана шу нарса давом этадиган бўлса, бир неча ўн йилликдан кейинги савияни тасаввур қилган одам қўрқиши, ҳавотирга тушиши керак. Чунки савия даражаси сезиларли пасайяпти.

Журналистлар қандай шароитда фақатгина янгиликларни етказувчи эмас, балки ватанни ҳимоя қилувчи фигурага айланади? Улар Ўзбекистонга дахл қилиши мумкин бўлган замонавий таҳдидларга қарши яхлит ва ягона куч бўла оладими?

Шерзодхон Қудратхўжа – Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси

Албатта, ҳар бир журналист ватан ҳимоячиси. Бугун ушбу соҳа вакилларининг ҳар бирида нафақат профессионал билим, балки фаол фуқаролик позицияси ҳам бўлиши керак. Аслида мамлакат ичида юз бераётган маълум ижтимоий ҳодисалар, муҳим жараёнларда касбининг устаси бўлган журналист ўзининг фаол фуқаролик позициясини кўрсатади. Буни бошқа давлатлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Яна бир жиҳати, мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига маълум бир субъектив омиллар халақит беради. Масалан, коррупция, баъзи бир ташаббусларга нисбатан негатив ҳаракатлар. Президентимиз таъбири билан айтганда, оммавий ахборот воситалари, журналистлар давлат раҳбарининг ёрдамчилари ҳисобланади. Қайси ҳудудда қандай жараёнлар кечяпти, айниқса, чекка туманларда нималар бўляпти, жамиятимизнинг ривожланиши, унинг янада кучли бўлишига тўсиқ бўлаётган қандай муаммолар бор, мана шу каби саволларнинг барчасини очиб берувчи, маълум қилувчи куч бу – журналист.

Эътибор қаратадиган бўлсак, миллий медиадаги контентларнинг катта қисми мақтовчи, позитив лавҳалар. Келинг, таҳлилий журналистикани ҳам ривожлантирайлик. Нима учун таҳлилий журналистика керак? Буни бир мисол ёрдамида тушунтириб бераман. Хитой давлатининг 1,5 млрд аҳолисига йилига 8 млн одам туғиляпти, Ҳиндистоннинг 1,5 млрд аҳолисига 13 млн одам дунёга келяпти. Ва Ўзбекистоннинг 40 млнга етмаган 36 млн аҳолисига йилига 1 млн одам қўшиляпти. Битта оилада ўртача 5-6 нафаргача одам сони ортяпти. Лекин ота-оналар болаларининг саломатлигини тўлиқ таъминлаяптими, яхши едиряптими, унга сифатли таълим беряптими, касб-ҳунарга ўргатяптими? Болани дунёга келтириб, уни тарбиялаш ишларини “давлат қилсин” деб беэътибор қолдириш – мутлақо нотўғри.

Ўзбекистон иқтисодиёти ҳаммани бирдек иш билан таъминлашга улгурмаяпти. Бу - табиий жараён. Четга кетаётган фарзандларимиз қора ишчи эмас, интеллект билан шуғулланадиган касбларда фаолият юритиши учун тилни билиши керак, компютер технологияларини тушуниши керак.

Янги авлод учун йилига қанча мактаб, қанча боғча қурилишига эҳтиёж бор? Айнан шу каби масалаларни чуқурроқ билишимиз ва англашимиз учун бизга таҳлилий контентлар зарур. Ватанни ҳимоя қилиш деганда фақат коррупция ҳақида гапириш, бировнинг тирноғи остидан кир қидириш эмас, балки келажак учун таҳлилий миллий контент майдони яратишдек жиддий масалаларни ҳам тушунишимиз керак.

Гулноза Ҳусанова – "Uzreport tv" муҳаррири

Бир мамлакатнинг мустақиллиги, суверенитетига таҳдид қилиш учун бугун қурол билан қўрқитиш ёки ҳарбий тажовуз қилиш шарт эмас. Интернет асрида ахборот ҳуружлари энг катта таҳдидга айланди. Ўзбекистонга ҳам бундай замонавий таҳдидлар тез-тез учраб турибди. Чамаси бир ой аввал россиялик амалдор Захар Прилепин айтган сўзларни эсланг: “Ўзбекистоннинг 2 млн фуқароси бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга кейинчалик даъво қиламиз, Ўзбекистон ҳудудини ўзимизга қўшиб олишимиз мумкин. Бизга буни ким таъқиқлайди? Ҳеч ким”, - деган эди. Мазкур гаплари билан у мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий дахлсизлигига чанг солди. Айнан ушбу ҳодиса ҳақида мамлакатимиздаги бир қанча нашрлар, блогерлар ёзишди. Оммавий ахборот воситалари биринчи бўлиб бу ҳақида гапирди. Шундан кейингина сенатор, депутат, жамоатчилик фаоллари ўз муносабатини билдирди. Албатта, бу яхши тенденция. Журналистлар мана шундай тарзда замонавий таҳдидларга қарши бир куч бўлиши керак. Фақат Kun.uz, Gazeta.uz, Uzreport tv каби нашрлар ёзса-ю, қолганлар жим турса, камчиликнинг овози яхши эшитилмаслиги мумкин. Лекин ҳамма шу нарса ҳақида гапирса, шу ҳақида ёзса, ташқаридан бизга душманлик кўзи билан қараётганлар ҳам қўрқиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик Кенгаши вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишда оммавий ахборот воситаларидаги танқидларга ҳам муносабат билдирди. Хусусан, давлатимиз раҳбари “Ҳар қандай танқидга жавоб бериш керак. Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак” дея таъкидлаб ўтди.

Айтиш жоизки, цензура – ҳақиқатларга қора парда тутадиган ҳаракат. Агар журналистларга эркинлик берилмаса, соҳа вакиллари таъқиб ва тазйиқлар остида қолишда давом этаверса, улар ижодкор эмас, ўзининг маиший масалаларини ҳал этиш учун қалам тебратаётган касб эгасига айланади, қолади. Айнан шундай вазиятларда миллий ахборот макони ташқаридан келаётган маълумотлар билан тўлдирилади.

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада, журналистларга катта ишонч билдириляпти. Амалдор ва масъуллардан эса журналистларнинг эркин ижод қилишига тўсиқ бўлмаслик, холислик ва очиқликни таъминлашга ёрдам бериш сўралмоқда. Шуни ёдда тутиш лозим, бугунги глобаллашув ва интеграциялашув шароитида, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва адолатли бошқарувни таъминлашда журналистларнинг ҳақиқат учун қиладиган меҳнати муҳим, уларнинг фаолиятига аралашишга эса йўл қўйиб бўлмайди.

Мавзуга оид