10:06 / 06.09.2017
10307

Пискентдаги қотиллик жинояти фош этилди

Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қотиллик жинояти фош этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Муқаддам хабар берилганидек, жорий йилнинг 30 август куни Пискент тумани “Намуна” маҳалласи ҳудудидан номаълум эркак кишининг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида жабрланувчининг шахси аниқланиб, у Олмалиқ шаҳрида яшаган Р.К. (1959 й.т.) эканлиги, мазкур жиноятни эса унинг таниши Ф.Т. (1961 й.т.) содир этганлиги аниқланди.

Терговда аниқланишича, жорий йилнинг 21 август куни Олмалиқ шаҳрида яшовчи Ф.Т. уйига меҳмонга келган Р.К. билан ўзаро жанжаллашиб, унинг бош қисмига темир болға билан кўплаб тан жароҳатлари етказиб, қасддан ўлдирган. Содир этилган жиноятни яшириш мақсадида жабрланувчининг мурдасини ўз уйи ертўласига яшириб, 25 август куни таниши А.З. ёрдамида мурдани Пискент тумани “Намуна” маҳалласи ҳудудидаги очиқ майдонга ташлаб кетишган.

Суд томонидан Ф.Т. ва А.З.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Пискентда қотиллик содир бўлди

Top