19:34 / 20.09.2017
69458

Пахта-2017: Андижонда ўқитувчиларга теримчи топиш топшириқ қилинмоқда

Kun.uz таҳририятига маълум қилинишича, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими Авазбек Эргашев умумтаълим мактаб ўқитувчиларидан пахта мавсумида теримчиларни жалб этишни талаб қилмоқда.

Хабар берилишича, туман ҳокими ҳар бир ўқитувчидан ўқувчиларининг оила аъзоларини пахта теримига чиқишга ундашни талаб қилмоқда ва 5 нафардан кам теримчини «таъминлаб» беролмаган мактаб ўқитувчисига босим уюштирилмоқда.

Мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Қўрғонтепа туман ҳокими билан боғланди ва қуйидаги изоҳни олди: «​Мен ҳеч қандай талаб қўймаганман ё таҳдид қилмаяпман. Шунчаки, бундан олдин пахта мавсумига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ўқувчиларнинг ота-онасини теримга чиқишга тарғибот қилинглар, деб мурожаат қилганмиз. Бу ҳеч қандай мажбурият эмас. Шу кунларда ўтган йиғилишда бундай ҳаракатга чек қўйилди»​, деб фикр билдирган ҳоким.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ўқитувчининг сўзларига кўра, улар ҳар куни ота-оналарни пахта теримига чиқишга ундамоқда, акс ҳолда касбий фаолиятига путур етишидан қўрқиб қолган. Ўқитувчилар жамоаси 18 cентябрь куни туман ҳокимлиги биносида кечки соат 22:00да йиғилган ўқитувчиларга мана шундай топшириқни шаҳсан ҳокимнинг ўзи берганини айтишмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Наманган тумани 1-мактаб 3-синф ўқувчиларининг ота-оналаридан пахта мавсумида теримчиларни ёллаш учун 20 минг сўмдан пул талаб қилинаётгани ҳақида Kun.uz'га хабар беришганди.

Айни пайтда ушбу вазият туман ҳуқуқни муҳозафа этиш органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Top