Жаҳон | 19:00 / 09.10.2017
56775
3 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбоев нега Нурсултон Назарбоев ва Қозоғистонни кескин танқид қилишга ўтди?

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев 7 октябрь куни ўтказилган давлат мукофотларини тантанали топшириш маросимида яна бир бор қўшни Қозоғистон мамлакати ва президент Нурсултон Назарбоев фаолиятини танқид қилди. Мамлакат раҳбари расмий Остонани 15 октябрь куни Қирғизистонда ўтказиладиган президентлик сайловлари жараёнига аралашишда айблаган. Ўз ўрнида Қозоғистон ТИВ расмий баёнот ва протест хати билан чиқиб, «президентнинг ушбу сўзлари йўл қўйиб бўлмас» ҳақоратга айланиб бораётганини билдирди.

«Ҳаммасини бирёқли қиламан!». Атамбоев Назарбоев ва маҳаллий сиёсатчилар манзилига қаттиқ сўзлар айтди

Бу воқеалар ривожини кузатиб бораётган қозоқ-қирғиз зиёлилар жамияти ҳам ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдириб бормоқда. Масалан, машҳур қозоғистонлик блоггер Улан Шамшет «ҳеч бўлмаганда, қирғизларда «сайлов»​лар бор»​лигини таъкидлаган. Шунингдек, у Алмазбек Атамбоевнинг сўзларида, қанчадир миқдорда ҳақиқат борлигига шубҳа қилмаслигини ёзади.

Муҳокама майдонига Олмаота шаҳрида жойлашган Халқаро бизнес академияси профессори Валихон Тулешов ҳам қўшилди.

«Атамбоевнинг нутқига эътибор қилсак, унда икки президент ўртасида шахсий муносабатлардаги дарз кетишларга гувоҳ бўламиз. Алмазбек учун Назарбоев 1989 йилдан бери юқори лавозимни эгаллаб ўтирган амалдор, Нурсултоннинг қараши бўйича Атамбоев Қирғизистоннинг у кўрган тўртинчи президенти ҳисобланади»​, дейди у.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шибутов Атамбоев сўнгги икки йил давомида ўзини эркин тутаётгани, хоҳлаганча айбловларни эълон қилаётганига урғу қаратган. «Бу эса халқаро муносабатлар майдонида ижобий вазиятни яратмайди», деган у.

«У сайловдан кейинги вазиятдан хавотирда бўлиши тайин: Атамбоевнинг жиноий жавобгарликка тортилиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун, президентликка номзодини қўйган Сооронбай Жеэнбековни қўллаб-қувватлаш фонида бошқа номзодларни обрўсизлантиришга уринмоқда»​, деган Шибутов.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки йил давомида Қирғизистон Республикаси президенти ҳақиқий дипломатларга хос бўлган ахлоқ қоидаларидан йироқлашиб, 4 марта қўпол нутқ одобини намойиш этганди. Шунингдек, Нурсултон Назарбоевнинг президентликка номзод Бабанов билан учрашгани унинг кейинги танқидларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид