08:15 / 09.10.2017
26062

Анқаранинг жавоби: Туркия АҚШ фуқароларига ноиммиграцион визалар беришни тўхтатди

Туркия АҚШ томондан турк фуқароларига ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилганига жавобан "акс чора" кўрди: у ҳам америкаликларга ноиммиграцион визалар беришни тўхтатди.

Бу ҳақда Туркиянинг Вашингтондаги элчихонаси твиттердаги саҳифасида маълум қилди. Эътиборлиси, Туркия элчихонасининг хабари АҚШ элчихонаси баёнотини деярли сўзма-сўз такрорлаган.  

"Охирги воқеалар Туркия ҳукуматини АҚШнинг Туркия дипломатик миссиялари объектлари ва персонали хавфсизлигини таъминлаш  борасидаги содиқлигини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Ташриф буюрувчилар сонини минималга келтириш учун барча консуллик ва элчихонамизда ноиммиграцион визалар берилишини тўхтатдик", деб айтилган Туркия элчихонаси баёнотида. 

Таъкидланишича, ушбу чора паспортдаги визалар, электрон визалар ва чегарада олинадиган визаларга қўлланади.

Аввалроқ АҚШ ўзининг Истанбулдаги бош консуллиги ходими Метин Топузнинг ҳибсга олиниши сабабли Туркия фуқароларига визалар беришни тўхтатгани маълум қилинганди. Топуз Фатҳулла Гуленнинг ташкилоти билан алоқадорликда айбланиб, 4 октябрда ҳибсга олинган.    

Top