Ўзбекистон ҳудудидаги энг узун йўл Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов ҳисобланади. Кейинги ўринда М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўли. Бу йўл аслида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан бошланади ва унинг умумий узунлиги 1,5 минг км атрофида.
Йўлларнинг собиқ иттифоқ давридаги номлари ва рақамлари фақат Ўзбекистонда сақланиб қоляпти. Атрофимиздаги бошқа давлатлар уларни қайта номлаган ва рақамлаган. Масалан, М-34 Тошкент-Душанбе йўлининг Тожикистондан ўтган қисми анчадан буён Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли деб аталади.
Шунингдек, Қозоғистон ҳам ўз ҳудудидан ўтган халқаро йўлларни мустақиллик йилларида тўлиқ қайтадан рақамлаб чиқди. Масалан, биз М-39 деб атайдиган Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Қозоғистон ҳудудидан ўтган қисмини қўшниларимиз А-2 (халқаро автомобил йўли) деб қайта рақамлашган.
Ўзбекистон ҳудуди унча катта эмас, шу сабабли биздаги йўллар дунёнинг узун йўллари рўйхатига кирмайди. Бундай йўллар асосан катта ҳудудга эга бўлган Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Канада ва Аргентина каби йирик давлатларда жойлашган
Панамерика шоссеси, АҚШ

Панамерика шоссеси дунёдаги энг узун йўл ҳисобланади. Бу йўл Канададан бошланади ва Ғарбий яримшарда жойлашган 20 та давлат ҳудудидан ўтиб Жанубий Америкадаги Аргентинага боради.
Ушбу йўл лойиҳаси 1923 йилда тайёрланган. Ўша пайтда АҚШда автомобил йўллари бирмунча ривожланган, бошқа давлатларда ҳам уларни қуриб, йўлларни бирлаштириш лозим бўларди.
Асосий қурилиш ишлари Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланади ва йўлнинг Канададан Мексикагача бўлган қисми 1950 йилда фойдаланишга топширилади. Марказий ва Жанубий Америкадаги қисми эса АҚШ ёрдамида кейин қурилади.
Ҳозирги кунда умумий узунлиги 48 000 километрга етадиган Панамерика шоссеси дунёдаги энг узун транспорт маршрути ҳисобланади.
Шоссе 1, Австралия

Гарчи Австралиядаги йўлнинг рақами 1 бўлса ҳам у дунёдаги биринчи рақамли йўл эмас. Мазкур йўл 20-асрнинг биринчи ярмида қурилган. Йўлнинг узунлиги 14 500 километрни ташкил этади.
1955 йилда унга миллий автомагистрал мақоми берилган. Йўлнинг давоми 1998 йилгача қурилган. Бу йўлдан ҳар куни бир миллион одам одам ўтиб қайтади.























