08:55 / 12.10.2017
27623

Boeing бошқарув хонасидан олинган видео фойдаланувчиларнинг парвоз истагини сусайтирди

Қатарнинг Qatar Airways авиакомпанияси ходими Twitter фойдаланувчиларига Янги Зеландиянинг Куинстаун шаҳрига самолётнинг қўнаётгани акс этган видеолавҳани ҳавола этди. 

Сандип Варманинг ўзи ҳам Boeing 787 Dreamliner сардори ҳисобланади. Лавҳада ҳаво лайнерининг тоғ чўққилари узра учаётгани, қуюқ булут орасидан ўтгани ва катта дарё устидан учганини кўриш мумкин. "Учувчига кўринган, аммо йўловчиларга кўринмайдиган нарса шу", — деб ёзган Варма изоҳида. 

Унинг айрим ўқувчилари йўловчилар учувчиларга нима кўринишини билмаганлари маъқул, деган фикрларни билдиришди. Айримлари энди ҳеч қачон Янги Зеландияга учмасликларини таъкидлашди. 

"Бу видео мен нима учун ҳеч қачон Куинстаунга бормаслигимни изоҳлайди", — деб ёзган Jigar Zaveri.

"Қўрқинчли кўринади", — деган Niall Lyons.

Айрим фойдаланувчиларнинг қайд этишича, ушбу ҳудудга парвозлар анчагина хавфлидир. 

"Мен Янги Зеландиядаги Жанубий Альплар орқали учиб ўтганман. Ўшанда бу қадар сокин бўлмаганди. У менинг энг қўрқинчли парвозим бўлган. Самолёт жуда тез пасайган, салондаги болалар бақирар, юкхоналар очилиб, ундан юклар тушиб кетди. Атрофда ҳаммаёқ тоғдан иборат эди", — деб ёзган TheJudge.

Аммо, аксар кўпчилик Янги Зеландия табиатининг гўзаллигини қайд этиб, Куинстаун жойлашган Отаго минтақасига бориш истагини билдиришди.

Top