“Махинация”нинг бошланиши

Янги Зеландия нашрларидан бири, Stuff’нинг ёзишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 7 нафар ўзбек уй-жойларни ички таъмирлаш ишлари (молярка) хизматини кўрсатувчи “Zero Max Line” компанияси бошлиғи Шерзод Носиров томонидан ишга таклиф қилинган.

Эксплуатация қилинган ўзбекистонликлар – Шукуржон Қўчқоров, Диёрбек Комилбоев, Ибрат Хатамов, Нуриддин Абдуллаев, Сирожиддин Усмонов, Аслиддин Жуманов.
Улар орасида бўлган Ҳамидулло Эсаналиев кейинчалик Ангренга қайтиб кетган, шу сабабли суратда йўқ / Фото: Stuff

Бу эркаклар бир ҳудудда яшашса ҳам, бир-бири билан таниш бўлмаган, аммо уларнинг ҳаммаси Шерзод Носировни билган. Чунки Носировнинг ўзи ҳам асли ангренлик экани айтилмоқда. 

Қайд этилишича, компания раҳбари иш топиб беришни, соатига 28 доллар тўлашни ваъда қилиб, йигитлардан Янги Зеландияга келишларини сўраган. Ўзбекистонда соатига ўртача 2 доллар атрофида пул топилишини ҳисобга олсак, ҳамюртларимиз учун юқоридаги таклиф жуда жозибадор бўлиб кўрингани ва унга рози бўлишган. Маълумотларга кўра, Носиров ҳатто йигитлардан бирини уйи ва бошқа мол-мулкини сотишга, Зеландияга келишга кўндира олган.

Кейинроқ 7 кишидан Носиров 10 минг АҚШ доллари миқдорида “облигация” ҳамда виза тўловлари учун 2 500 дан 3 500 гача АҚШ долларида бадал талаб қилган. Ваҳоланки, иш билан таъминлаш учун фуқаролардан товон ундириш Ўзбекистонда ҳам, Янги Зеландияда ҳам тақиқлаган.

Эркакларнинг ҳеч бири инглиз тилини билмаган, бири ички ишлар ходими бўлгани, яна бошқаси эса талаба экани ҳам айтилади. Уларнинг барчасига аккредитацияланган иш берувчи (“Zero Max Line”)нинг ишчи визаси схемаси доирасида виза берилган.

Зеландияга кетиб бошланган стресс

Йигитлар бир амаллаб пул топиб, Янги Зеландияга келиб олишгач ҳам уларда баъзи нарсалар учун пул сўраш ҳолатлари учраган. Орадан кўп ўтмай, уларга ҳафтасига атиги 20 соат ишлаш кафолатлангани ҳақидаги хатлар берилиб, унга имзо чекишлари сўралган (визаларда эса уларга 40 соатлик иш берилиши кераклиги аниқ кўрсатилган). Ишчилар инглиз тилини билмагани учун шу ҳужжатга имзо чекканини таъкидлаган.