Жамият | 15:57 / 14.10.2017
31862
3 дақиқада ўқилади

Турмушга чиқмаган қизнинг чет давлатларда сарсон-саргардон юриши миллатимизга хос эмас

Фото: cont.ws

21 ёш. Ёшликнинг айни ўқиб-ўрганадиган, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутадиган палласи. Бироқ Фарангиз ёшликнинг бу имкониятларини озодликни чеклаш жазосига алмашди.

Суд 1996 йилда Нарпай туманида туғилган Фарангиз Бозоровага нисбатан озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Энди у кечки соатларда остона ҳатламайди, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмайди, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқолмайди, муайян жойлар — кафе, барларга яқин йўламайди, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмайди, унга алоқа воситалари, жумладан, Интернетдан фойдаланиш тақиқланган.

Фарангизга нисбатан бундай жазо чораларининг қўлланилишига унинг хорижга чиқиш-келиш қоидаларини бузган ҳолда Туркия давлатида бўлиб қайтгани сабаб бўлди.

Ф.Бозорова 2015 йилда «Самарқанд – Санкт-Петербург» рейси билан Россия Федерациясига жўнаб кетади. 2016 йилнинг 22 июль куни у фуқаролик паспортида ХЧК ва ФРБдан дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсат ёзуви бўлмасдан қонунга хилоф равишда Санкт-Петербург – Боку – Истанбул йўналиши билан Туркияга учади.

Истанбул шаҳрида Ф.Бозоровани Туркия полицияси ушлаб, Санкт-Петербург шаҳрига қайтариб юборади. Бу ердан эса яна Истанбул шаҳрига қайтарилади. 2017 йилнинг 14 март куни Туркияда бўлиш қоидаларини бузиб, мамлакатда яшаганлиги сабабли Фарангиз Туркия полицияси томонидан қўлга олинади.

Ф.Бозорова 2017 йилнинг 17 март куни Истанбул шаҳар аэропорти орқали «Истанбул – Тошкент» рейси билан Тошкент шаҳрига учиб келади. Тошкент аэропортининг алоҳида чегара назорати базаси ходимлари томонидан чегара назоратидан ўтказилганда Ф.Бозорованинг фуқаролик паспортида чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсат ёзуви йўқлиги, Туркия давлатига ноқонуний чиқиб келганлигини тасдиқловчи чегара муҳрлари мавжудлиги аниқланди ва қонунни бузганлиги учун жавобгарликка тортилди.

Фарангизнинг саргузаштлари шу билан ниҳоясига етди. Маҳаллада ўсиб-улғайган, ўзбекона тарбия олган навниҳол қизни ким ёки қандай сабаблар хорижга чорлади, нега у қонунга хилоф равишда Туркияга отланди, Истанбулдан нима қидирди? Ф.Бозорова излаган нарсасини топдими ёки йўқ, бу бизга қоронғу лекин эсон-омон ўз юртига қайтгани — омади.

Қиз боланинг таълим-тарбиясида ота-она масъул бўлса-да, маҳалла-кўй ҳам хонадонларда улғаяётган қизларнинг юриш-туришидан огоҳ туриши, уларни касб-ҳунарга йўналтиришда иштирокчи бўлиши керак.

Халқ орасида «Йигитнинг ризқи кўчада», деган гап бор. Аммо турмушга чиқмаган қизнинг чет давлатларда сарсон-саргардон юриши миллатимизга хос эмас.

Зилола РУСТАМОВА,

«Зарафшон» газетасидан.

Мавзуга оид