Фуқаролар кескин норози: Тошкент марказида яна бир қурилиш можароси
Халқимиз азалдан меҳнатсевар ва бунёдкор. Иссиқ кунлар келди, дегунча қурилиш бошлайди. Шундан бўлса керак қурилиш соҳаси ҳам жадал суръатда ривожланиб бормоқда. Соҳадаги янгликлар ва ранг-баранглик шаҳар-у қишлоқларда қад ростлаётган бетакрор бино ҳамда иншоотларда намоён бўлмоқда. Бироқ гап ҳозир бу ҳақда эмас. KUN.UZ таҳририятига юборилган қурилиши ишлари билан боғлиқ хат ҳақида.
KUN.UZ сайтига мурожаат қилган Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-4, 12-уйда яшовчи аҳоли уй олдида бошланган қурилишдан кескин норози бўлмоқда. Таҳририят журналистлари вазиятни ўрганиш учун воқеа жойига бордилар.
“Мақсад 12-уйнинг ҳудудини ободонлаштириш, лекин шу орқали бу ерда уй қуриб, 12-уйнинг ҳудудини бутунлай тортиб олиш. Шундан сўнг бизнинг юришимиз учун кичкина йўлакча қолади, холос. Қайси МЧЖ қураётганини ҳам билмаймиз. Улардан сўрасак: “Бизга нақд пул беришади, хўжайинни танимаймиз”, дейишади. Маҳаллага, ҳокимиятга, прокуратурага мурожаат қилдик. 2017 йил 24 июлдаги ҳужжат бор – рейдерлик йўли билан эгаллаб олиш ҳақида. Биз уни бартараф этдик. Бу ҳақда акт тузилган. Панжарани ўрнатишаётганда 20 киши келди ҳамда уни жойлаштиришди. Шундан сўнг биз ўз секторимизга мурожаат қилдик, шаҳар ҳокимияти ходимлари таклиф этилди. Биз шунга ҳайрон бўлмоқдамизки, қурилиш нормалари ва қоидаларига умуман эътибор берилмади. Бизнинг уйдан қурилиши мўлжалланган уйга қадар бўлган масофа ҳеч қайси нормага тўғри келмайди. Бу ердаги ҳамма қурилиш мавзе қурилаётган пайтда яхшилаб ҳисоб-китоб қилинган. Баъзи инсонларга нима сабабдан шундай имконият берилаётганини тушунмаяпмиз. Биздан ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ, бунинг устига норозилигимизни ҳам қабул қилишмаяпти. Аслида ҳокимиятдан 12-уй ҳудудини ободонлаштирамиз, деб қарор олишган. Энди эса янги уй қуриб, бизнинг ҳудудимизни тўлиқ тортиб олишмоқчи. Юнусобод тумани ҳокими эса ҳеч нарсага имзо қўймагани ва қурилишга қарши эканини айтди”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.
Ўз фикрини билдираётган фуқаролар қурувчиларнинг хатти-ҳаракатига баҳо берар экан, мавжуд муаммо бўйича туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини, участка нозирларининг парвойи фалаклигидан жиғибийрон бўлаётганликларини изҳор этишди. Айни пайтда эса қурувчилар “ишимизга халақит қилманг, акс ҳолда...”, деган мазмунда улкан экскаваторини одамлар томон ҳайдаб, қўрқитиб кўришга уринди.
KUN.UZ қурилиш объектида ишлаётган қурувчилар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо улар суҳбатлашишни хоҳламади, ҳатто камерадан яшириниб, қочиб ҳам қолди. Бу хатти-ҳаракатлар аксар одамда шубҳа уйғотди. Хўш, қурилиш ишларига ким рухсат берди? “Ноқонуний хатти-ҳаракат бўлгани учун қочмоқдамикан”, деган саволлар авж ола бошлади.
Воқеа юзасидан туман секторларига алоқага чиқа бошладик. Аҳоли билан учрашишга Юнусобод тумани прокурори ўринбосари Умар Файзиев келди. Бироздан сўнг эса 12-уй ҳудудида фаолият кўрсатувчи участка нозири ҳам етиб келди. Бироқ саволларимизга участка нозири қониқарли жавоб бера олмади.
“Бу ерда бўлаётган ишдан хабарим бор. Иккита кадастр бўлмоқда. Қурилиш қилаётган фирманинг номини ҳозир эслай олмаяпман. Бизга қурувчиларнинг тажовузкор ҳаракатлари бўйича ёзма мурожаат ҳеч ким қилмаган. Оғзаки мурожаат келиб тушган, келганмиз, гаплашганмиз. Ҳаммасининг ҳужжати бор. Қурилишнинг кадастрини кўрдим, фирманинг номини эслай олмаяпман. Улар билан боғланиш рақамлари менда йўқ”, - дейди участка нозири.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”. Аҳоли муаммосини тинглаш нафақат бугун, балки ҳар доим ҳам олийжаноб иш. 12-уйда яшовчиларнинг фикри тингланди. Қурилиш ишлари эса тўхтатилди.
KUN.UZ вазиятга ойдинлик киритиш учун қурилиш ишларини амалга ошираётган МЧЖ ёхуд масъулни аниқлашга уриниб кўрди. Маълум бўлишича, мазкур қурилиш ишлари фуқаро И.Тошпўлатовга тегишли бўлиб, унинг номидан Абдулазиз Абидов иш олиб бормоқда. KUN.UZ ушбу қурилиш ишларига масъул бўлган Абдулазиз Абидовнинг ҳам фикрларини тинглади.
“Мен шу қурилиш бўлаётган объектнинг эгаси Илҳом Тошпўлатовнинг ишончнома орқали вакили, барча ҳужжатларини юритувчи ходими ҳисобланаман. Бу объект ҳақида қисқача маълумот бериб ўтадиган бўлсам, 2013 йил Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан бу объектга ер майдони 0,1 гектар бўлган ҳудуд тиббиёт маркази қуриш мақсадида ажратиб берилган. 1 йил давомида тиббиёт маркази қурилишига лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда барча эксперт органлари ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан керакли хулосалар олиниб, давлат архитектура-қурилиш назорати томонидан қурилишга рухсат олинган. Сўнг қурилишни бошлаш учун қурилиш объектига борилганида, ён-атрофда яшовчи аҳолининг “Бу жойда қурилиш қилиш мумкин эмас”, “Бу жойда қурилиш қилинмайди”, деб қаттиқ қаршилик қилиб туриб олишганидан сўнг қурилишни бошлай олишмаган. 2016 йили қарорнинг муддати чиқиб кетиш жараёнида бу объект қурилишини давом эттириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимиятига қайтадан қарорни ўзгартириш, яъни пастки қаватида тиббий марказ ва юқори қаватларида турар-жой биносини қуриш учун қарор бўйича мурожаат қилинган. Шаҳар ҳокимияти 2017 йилда апрель ойида янги қарор чиқарган. Қарорнинг мазмуни: пастки қаватларда тиббий марказ ва юқори қаватларда турар-жой мажмуаси қуриш учун, деб чиқартирилган.
Қисқа муддатда лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳар давлат экспертизасига топширилган ва Тошкент шаҳар архитектура-қурилиш бошқармасига ҳам тақдим этилган. У жойда бўлиб ўтган йиғилишда санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари, ФВВ, ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Ногиронлар жамияти ва архитекторлар уюшмаси вакиллари иштирокида ҳужжатлар тўлиқ ўрганиб чиқилиб, ижобий хулоса берилган. Шу ҳужжатларнинг барчаси тақдим этилиб, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш назорати бошқармасидан қурилишни олиб бориш учун рухсатнома олинган. Бу рухсатноманинг санаси – 2017 йил 19 июль. Августда қурилишни бошлаш мақсадида чегарани хавфсизлик ҳудуди қилиб ўраб олиш учун қурувчилар билан борганимизда аҳоли қаттиқ қаршилик қилиб туриб олди ва устимиздан республика прокуратурасига асоссиз бўлган важ-карсонларни ёзиб, мурожаат қилишган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан барча ҳужжатлар текширилиб, қурилиш учун асосли бўлган ҳужжатлар ҳаммаси қонуний, аҳолининг важ-карсонлари асоссиз, деб топилган. Шунингдек, ҳудуддаги ободонлаштириш бўйича барча ишлар ҳам ўзимизнинг бўйнимизда”, - дейди Абидов.
Биз мазкур воқеликка холис ёндашиш ниятида Юнусобод тумани бўйича архитектор Oйбек Дониевга қўнғироқ қилдик. Аммо архитектор шошилганча ишда эканлигини айтиб, телефон рақамини банд қилиб қўйди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси мутасаддилари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо ҳаракатларимиз зое кетди.
Яна бир жиҳат. Ушбу қурилишни амалга ошираётган фуқаро И.Тошпўлатов номидан Абдулазиз Абидов нимагадир қурилишга тегишли хужжатлар нусхасини тақдим этди, аммо кўрсатувда уларни эълон қилишимизни хоҳламади ва бу ҳақда биздан тилхат ҳам олди. Энди эса вазиятга холис фикр.
Юнусобод тумани 12-уй аҳолиси мазкур қурилиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга қурилишга масъул ва мутасаддилардан қониқарли жавоб ололмаяпти. Гарчи ушбу қурилиш ҳақида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қурилиш ишлари қонуний амалга оширилаётгани таъкидланган бўлсада, 12-уй аҳолисини қизиқтираётган саволлар, хусусан, лойиҳа шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига тўла жавоб бериши ҳақидаги саволлари жавобсиз қолмоқда. Бу ҳақда уларда ҳар бир мутасадди ва масъул билан бўлиб ўтган суҳбат ҳамда мулоқотнинг расмийлаштирилган баёни мавжуд.
Иккинчи томондан эса қурилиш ишларини амалга ошираётган масъуллар лойиҳа паспорти, унинг ҳуқуқий ҳужжатлари ҳақида ўз вақтида аҳолига ахборот бермаган.
Умид қиламизки, Юнусобод тумани, Марказ-4, 12-уй аҳолисини қизиқтирган саволларга ушбу қурилиш ишларини амалга ошираётган масъуллар, унга рухсат берган мутасаддилар тўлиқ ва қониқарли жавоб беради. Зеро, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан бири.
Дарвоқе, Юнусобод тумани Марказ-4, 12-уй ҳудуди туман Ички ишлар секторига тааллуқли.
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
22:10 / 25.11.2024
1 январдан Тошкент жамоат транспортида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира нархи ошиши кутилмоқда
16:33 / 25.11.2024
Тошкентнинг 86 та нуқтасида пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 млрд сўмга сотилди
15:48 / 25.11.2024