Ўзбекистон | 14:50 / 24.10.2017
15475
5 дақиқада ўқилади

БМТ Ўзбекистонга 471 миллион долларлик молиявий кўмак берди

Фото: Kun.uz

24 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистон билан БМТ ўртасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кунга бағишланган барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Мавзу - «Ўзбекистон-БМТ: Барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик».

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кун бутун дунёда 1948 йилдан буён нишонланади. Жорий йил айни пайтда Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганлигининг 25-йиллиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий вакили Хелена Фрейзер Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Дастурига кўмаклашиш борасида сўз юритди.

БМТнинг мамлакатдаги фаолиятининг асосий устувор йўналишлари бўйича шунингдек ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, ЖССТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, ЮНФПА нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Миеко Ябута ва БМТ ГЖБ Ваколатхонасининг раҳбари Ашита Миттал сўзга чиқишди.

Махсус сессияда  инклюзив иқтисодий ривожланиш соҳасидаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда БМТнинг Ўзбекистондаги тизимининг ўрни таъкидланди, бунда аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим сифати, атроф-муҳитни ҳимоялаш, самарали бошқарув ва қонун устуворлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«БМТнинг Ўзбекистондаги тизими мамлакат томонидан ўз олдига қўйилган аҳамиятли вазифаларга эришиш борасида ёрдам кўрсатмоқда. Биз 1993 йилдан буён ҳукуматни миллий ривожланиш дастурларини амалга ошириш борасида қўллаб-қувватламоқдамиз. Ҳозирги пайтда биз Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги БМТ агентликлари ўртасида барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал кун тартибиваҳукуматнинг Ҳаракатлар Дастури доирасида амалга оширилаётган яқин ҳамкорликни қайд этишдан мамнунмиз», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий вакили Хелена Фрейзер. 

Барқарор Ривожланиш мақсадлари республика учун алоҳида аҳамиятга эга, зеро БМТ тарихида илк бор умумқамровли глобал маслаҳатлашув жараёнида 2030 йилгача ривожланиш борасида ягона нуқтаи назар ишлаб чиқилди. Ушбу кун тартиби БМТ нинг 193 та аъзо давлатлари томонидан тасдиқланди ва шу тарзда 2030 йилгача дунёга нисбатан умумий нуқтаи назарни ифодалайди.

БРМ фалсафаси шундан иборатки, иқтисодий ривожланиш жараёни ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ривожланиш жараёнларига жалб этиш  билан баробар давом этиши керак.

1992 йилдан бошлаб БМТ Ўзбекистонга кўрсатган молиявий кўмаги қарийб 471 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Ушбу молиявий ёрдам Ўзбекистонни ривожлантириш мақсадида бошқа давлатларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришда ифодаланди. 

Ривожланиш бўйича миллий ва халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилиш асносида, БМТ Ўзбекистонда унинг Ҳукуматига мамлакатнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш ва барча фуқаролар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасидаги муҳим аҳамиятли мақсадларига эришиш йўлида кўмак кўрсатишни давом эттириш ниятида.

Ўзбекистондаги БМТ тузилмаларига қуйидагилар киради: 

•    БМТ Тараққиёт Дастури (БМТРД);
•    БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА); 
•    БМТ Болалар Фонди (ЮНИСЕФ);
•    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ); 
•    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО); 
•    БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ ГЖБ);
•    БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича ҳудудий бошқармаси (МОПДҲБ); 
•    Халқаро меҳнат ташкилоти (ҲМТ);
•    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО);
•    Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) ва БМТ Кўнгиллилари дастури (БМТК).

БМТнинг мустақил ихтисослаштирилган агентлиги бўлган Жаҳон банки ҳам мамлакатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатда ўз ваколатхоналарига эга бўлмаган ҳолда Ўзбекистонга ёрдам кўрсатаётган агентликлар БМТ ишига қўшимча ҳисса қўшмоқда. Улар қаторидан БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП), Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ), БМТ ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЭЙДС) ва “БМТ-Аёллар” ўрин олган. 

Мавзуга оид