Ўзбекистон U-19 термаси БАА ёшларини йирик ҳисобда мағлуб этди
Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик кўриш доирасида бугун, 25 октябрь куни БАА ёшлар термасига қарши навбатдаги баҳсни ўтказди.
Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида, назорат ўйини мақомида бўлиб ўтган мазкур беллашувда Ўзбекистон ёшлар термаси 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Дилшод Саидов, Жаҳонгир Абдусаломов, Шоҳрух Абдураҳмонов ва Жасур Эрмаматовнинг голларига Аҳмад Фавзи битта гол билан жавоб қайтарди.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни ҳар икки жамоа ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилганди ва унда Александр Мочинов шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Ўйиндан кейин Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов ЎФФ матбуот хизматига учрашув борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
«Аввало бугунги ғалаба билан раҳбариятни, жамоамни ва бизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга ташриф буюрган мухлисларни табриклайман. Биринчи ўйиндан кейин рақибни ўрганиб чиққанимиз ўз самарасини берди. БАА ёшлар термаси бош мураббийини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Сербиялик мутахассис қўли остида БАА ёшлари анча кучайди.
Ҳар икки жамоа футболчиларининг бугунги ўйинга тайёргарлиги яхши бўлганини кўриш мумкин. Аввал ҳам таъкидлаганимдек, бу ёшда футболчилар ўйин давомида хушёрлик ва эътиборни йўқотади, менимча шунинг эвазига бугун рақиб дарвозасига кўп гол уришга эришдик. Шу билан биргаликда, сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар устида ишлашимиз керак.
31 октябрь куни Осиё чемпионати саралаш босқичи учрашувларини ўтказиш учун Тожикистонга учиб кетамиз. У ерда осон ўйинлар бўлмайди. Бундан ташқари, ўйинлар сунъий қопламали майдонда ўтказилади. Эртадан жамоамиз ҳам сунъий қопламали майдонда машғулотлар ўтказиб, бўлажак ўйинлар олдидан сўнгги тайёргарликларни ўтказади», – деди Александр Мочинов.
Маълумот учун, шу йилнинг 31 октябрь – 8 ноябрь кунлари U-19 Осиё чемпионатига саралаш босқичи ўйинлари ўтказилади. “B” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ОЧ йўлланмаси учун мезбон Тожикистон, Шри-Ланка, Бангладеш ва Мальдив оролларига қарши майдонга тушади.
Назорат учрашуви
Тошкент, “Бунёдкор”
25 октябрь, чоршанба
Ўзбекистон U-19 – БАА U-19 — 4:1 (2:0)
Голлар: Дилшод Саидов (19 – пенальти), Жаҳонгир Абдусаломов (38), Шоҳрух Абдураҳмонов (73), Жасур Эрмаматов (88) – Аҳмад Фавзи (90+2)
Огоҳлантиришлар: Шоҳрух Абдураҳмонов (72), Ислом Кенжабоев (90) – Салим Аҳмад (18), Юсуф Айман (53), Холид ал-Белуши (90)
Ўзбекистон U-19: Жавоҳир Қиличев (Обиджон Толипов, 87), Жасур Эрмаматов, Иброҳим Йўлдошев (Шоҳрух Абдураҳмонов, 66), Дилшод Саидов (Шаҳбоз Умаров, 87), Суҳроб Иззатов (Нодир Куйбаков, 84), Алишер Салимов (Элбек Жуманов, 86), Расул Йўлдошев (Ислом Кенжабоев, 46), Бобуржон Асқаров, Акмал Мозговой (Санжар Зокиров, 57), Жаҳонгир Абдусаломов (Ҳасан Йўлдошев, 76), Аббос Жумақулов (Асадбек Собиржонов, 62).
Захира: Умид Эргашев, Обиджон Толипов, Жасур Раҳимов, Нодир Куйбаков, Абубакир Мўйдинов, Шаҳбоз Умаров, Санжар Зокиров, Ҳасан Йўлдошев, Ислом Кенжабоев, Элбек Жуманов, Шоҳрух Абдураҳмонов, Асадбек Собиржонов.
БАА U-19: Салим Аҳмад, Саиф Абдулраззоқ, Муҳаммад ал-Досари (Аҳмад Фавзи, 85), Рашид Халфан, Фаҳад Марван (Холид ал-Белуши, 64), Султон Саид Мофтаҳ, Муҳаннад Аҳмад (Мажид Султон, 85), Наҳиян Адҳил (Али Салеҳ, 80), Юсуф Айман (Абдулраҳмон Салеҳ, 64), Муҳаммад Сирваши, Фаҳал ал-Ҳаммади (Саиф ал-Суади, 73).
Захира: Суҳаил Абдулла, Умар Саид, Мажид Султон, Саиф ал-Суади, Умар Салим, Холид ал-Белуши, Али Салеҳ, Ҳалфан ал-Ноби, Абдулраҳмон Салеҳ, Аҳмад Фавзи, Эсса Аҳмад.