Жамият | 12:20 / 26.10.2017
22649
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда “АИ-80” бензини “АИ-91” нархида сотилмоқда

KUN.UZ таҳририяти ходимлари 22-25 сентябрь кунлари хизмат сафари билан Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида бўлди. Ушбу сафар чоғида дуч келинган муаммоли масалалардан бири автомобиль ёқилғиси масаласидир. 

Хусусан, Самарқанд шаҳрида ва Жомбой туманида ўзимиз гувоҳ бўлган икки ҳолатда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида* АИ-80 бензини 3000 сўмдан сотилди. Самарқанд шаҳридаги АЁҚШ сотувчисидан нима учун бу нархда сотилаётгани ҳақида сўраганимизда ҳисоб фактураси бўйича АИ-91 навли бензин келганини таъкидлади, аммо ўша қоғозни кўрсатишни сўраганимизда, даставвал “бошлиқ ҳам, бухгалтер ҳам йўқ”, дея жавоб қайтарган бўлса, кейинроқ “ака, нима қиласиз, қўйинг” деган илтимосга ўтиб олди. Ахир, пойтахтнинг аксар АЁҚШларида АИ-91 навли бензинни топиш мушкул иш бўлган бир вақтда Самарқанддаги бир-иккита ёқилғи қуйиш шохобчасида фақат АИ-91 сотилиши шубҳали эмасми?

Иккинчи ҳолатда Жомбой туманидаги АЁҚШда ҳам бензинни 3000 сўмдан харид қилишга тўғри келди.

Қашқадарё вилоятига сафаримиз эса, бензин масаласида унчалик ҳам қийин бўлмади. Чунки, “пул бўлса, чангалда шўрва” дейилганидек, кўзингизни чирт юмиб 1 литрини 4 мингдан харид қилишга шай турсангиз бас. Фақат сотувчилар бензинга қанча миқдорда газ конденсати қўшилганига кафолат беришмайди. 

Самарқанд-Қарши йўлида бензин олиш учун бирорта АЁҚШ ишлаётганига гувоҳ бўлмадик. Қарши шаҳрида биргина заправка ишлаётганидан хурсанд бўлиб, навбатда турдик, аммо галимиз етиб келгунча ёқилғи тугаб қолганини эълон қилишди. Бу вақтда соат кундузи 13:00 атрофида эди. 

Шундан сўнг, Қарши-Самарқанд йўлида очиқ ойдин 5 л, 10 л ўлчамдаги баклажкаларни йўл ёқасига қўйиб, 4 минг сўмдан пуллаётган олғирлардан харид қилишга мажбур бўлдик.

Фото: Самарқанд-Қарши йўлларида “АЁҚШ”лар шундай кўринишда

Шу ўринда савол туғилади: бир пайтлар (аниқроғи 2016 йил ноябрь ойларида) “Ўзбекнефтегаз” МХК бензин нархини кескин оширилишига изоҳ берар экан, нарх барча вилоятларда бир хил қийматга келтирилиши республиканинг барча ҳудудида бензи тақчиллигига чек қўйишини, яъни барча АЁҚШларда ёқилғи танқислиги бўлмаслигини ваъда берган эди. Лекин, амалда ҳамон ўша ҳолатга дуч келинаяпти. Айрим заправкалардаги бензин сифати газ конденсати қўшилгани учун талабга жавоб бермаслигини ҳам мутасадди ташкилотлар ўрганиб чиқишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

*- иккала АЁҚШ манзили ва улардан олинган чек мавжуд, аммо “Ўзбекнефтегаз” МХК ва бошқа идоралар хоҳиш билдирса, уларни бемалол топа олади.  

Мавзуга оид