Самарқандда ЙПХ ходимлари рейд ўтказишди: 153 нафар маст ҳайдовчи қўлга тушди
Жорий йилнинг июль-август ойларида Самарқанд вилояти ҳудудида ҳам йўл-транспорт ҳодисалари ва инсон ўлимига сабаб бўлаётган автоҳалокатлар сони кескин ошиб кетгани ташвишланарли ҳолат эканлиги қайд этилган эди.
Вилоят ИИБ матбуот хизматининг KUN.UZ’га маълум қилишича, олиб борилган кенг қамровли ишлар самараси ўлароқ, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, марказий кўча ва йўлларда унга боғлиқ зарур кўрсаткич белгиларини янгилаш, олиб ташланганлари ёки йўқлари ўрнига янгиларини ўрнатиш, қолаверса, светофорларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.
Шаҳар марказлари ва чиқиш йўлларида 12Х18 метр ўлчамда «Ҳайдовчи, сени уйда оиланг кутмоқда!», «Йўл қоидаси — умр фойдаси», «Тезликни ошириб, умрингни қисқартирма!» ва бошқа матнларда ҳайдовчиларни огоҳликка даъват этувчи, ҳушёрликка чақирувчи пано ва плакатлар ўрнатилиб, тунги пайтда «Улуғбек», «Юқори нуқта» штаб ЙПХ постларида узоқ йўл босиб ҳаракатланаётган қўшни вилоят фуқаролари, йўл ҳаракати иштирокчиларига уйқу-чарчоқни қочирувчи йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлик ҳолатлар акс этган эслатма ва флаерлар тарқатилмоқда.
«Хусусан, Вена конвенцияси тавсияларига асосан янги кўринишдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг яқин кунларда жорий қилинишида ҳайдовчиларнинг имтиҳондан ўтказиш, улар орасида тарғибот ишларини олиб бориш орқали йўл-транспорт ҳодисалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар сонини ҳам бирмунча камайтириш мўлжалланмоқда», — дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Абдунаби Носиров.
Аммо, йўлларда ҳаракатланувчилар — йўловчи ва пиёдалар томонидан риоя этилиши лозим бўлган хавфсизлик, уларнинг бир-бирини ҳурмат қилиши юқори савияда, деб бўлмайди.
Шу мақсадда Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти қатъий талаблари асосида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида ҳам кенг кўламда турли тадбирлар уюштирилмокда. Уларнинг ичида энг самаралиси — йўл ҳаракати хавфсизлиги талаб-қоидаларини писанд қилмайдиган қўпол кимсалар ҳам аниқланаётган ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари ўтказилаётган «Автопатрул» тадбирлари бўлмоқда.
Масалан, «Автопатрул-рейд»нинг сўнгги шанба куни натижаларига назар солсак, вилоят ҳудудида йул-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 213 нафар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб этилган рейд давомида жами 1060та қоидабузарлик аниқланди. Уларнинг таҳлилига кўра 123 ҳолатда тезликни ошириш, 107 йўл белгисига амал қилмаслик, 115таси хавфсизлик камарини ўтказмаслик, 184та ҳолатда ҳужжатсиз, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситасини бошқариш, 14 ҳолат светофор ва чорраҳадан ўтиш қоидасини бузиш, 61таси қувиб ўтиш қоидасини қўпол равишда бузиш, 16таси автомобиль бошқариш жараёнида телефондан фойдаланиш, 37 суғуртасиз бошқариш, 9таси қайта жиҳозлаш, 10таси ойна тусини ўзгартириш, 4таси темирйўлдан ўтиш қоидасини бузиш ва бошқа турдаги транспорт воситасиларини хавфсиз ҳаракатланиши билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди.
Янада қизиғи, битта «Вольво», биттадан «КИА», «Ренж Ровер» ва «Малибу» автомобили ҳамда иккита «Каптива», 4та «Кобальт», 6та «Спарк», 8та «Лачетти», 13та «Дамас», 23та «Нексия» ва элликка яқин «ВАЗ» маркадаги автомобиль эгалари ёки уни бошқараётган 153 нафар кишининг спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт воситаларини бошқарувига чек қўйилди.
Катта кўча ва магистраллар ёхуд маҳаллий йўлларда 3та МТЗ-80 маркали трактор механизаторлари спиртли ичимлик истемол қилган бўлса, 107 нафар маст ҳолатдаги ҳайдовчи ўзини умуман бирор жойда ишламайман, вақтинча ишсизман, деб йул ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини ишонтиришган булса, 5та автомобилни корхона, ташкилот ёки тадбиркор бошқарувидалиги ҳамда 1 нафар мактаб директори бошқариб келаётгани маълум бўлди.
Самарқанд шаҳар ИИБ ЙҲХ бўлими инспектори сержант Феруз Хушвақтов тўхтатган «Лачетти» русумидаги давлат белгиси 30 757 NAA транспорт воситаси «Афросиёб-Транс» МЧЖга қарашли, «ЗАС» маркали давлат рақами 30 698 RAA автобусни эса Паст Дарғом туманидаги «ШЕР» МЧЖ ҳайдовчиси Имомназаров Илҳом спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқараётгани маълум бўлди.
Тайлоқ туманида тўхтатилган давлат рақами 30 С 064 СА «Нексия» маркали енгил автомобилни тумандаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Маъруф Ботиров бошқараётгани, давлат рақами 30 645 ААА «Дамас» автомобили эса «Ўзтелеком» Каттақўрғон филиалига тегишли бўлиб, уларни спиртли ичимлик истеъмол қилган «ўзини хон, кўланкасини майдон», деб билган кишилар бошқараётганига нима дейсиз?! Наҳотки улар ўз қилмишларини жазосиз қолади, деб ўйлашган бўлса?! Шу ерда савол туғилади: бу кишилар билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган дўстлар, наҳотки уларнинг шу аҳволда рулга ўтириши, автомобиль бошқаришига йўл қўйишди?
Таҳририятимизга вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан фақат бир кун давомида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлили берилди. Шу куни 396та автотранспорт воситаси жарима майдончасига қўйилган. Ўз вақтида олди олинган қоидабузарликлар ва хавф хайрли якун топгани яхши, аммо бола-чақа, уй-жой учун сарфланиши мумкин бўлган қанчадан-қанча маблағ, қанча асаббузарлик кетганини ҳам биров ҳисоблармикан?
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024