Жамият | 14:50 / 15.11.2017
5000
2 дақиқада ўқилади

Россия нефть ва газ университети ректори: Тошкентдаги филиал талабаларидан жуда мамнунмиз

Фото: Виктор Мартинов / Kun.uz

И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг ректори Виктор Мартинов халқаро компанияларда миллий кадрларни тайёрлаш ва ривожлантиришга бағишланган анжуман вақтида Тошкентдаги филиалда таълим олаётган талабалардан тўлақонли қониқишини маълум қилди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар беради.

“Ўзбекистондаги филиалда таҳсил олаётган талабалардан жуда ҳам мамнунмиз. Уларнинг иштиёқи, билим олишга бўлган интилиши доимо қувонтиради. Шунингдек, талабалар турли халқаро олимпиада ва танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Мана шундай таълим жараёни келажакда мамлакат иқтисодиёти ривожланиши учун ҳисса қўшадиган шахс капиталининг шаклланишига ҳам ёрдам беради”.

Ректорнинг сўзларига кўра, ҳозирда нефть ва газ, саноат соҳасида фаолият юритувчи кадрлардан нафақат амалиёт ва назария, балки мослашувчан кўникмаларни пухта эгаллаш ҳам талаб этилмоқда. Соҳа жуда шиддат билан тараққий этиб бормоқда. Роботлар ҳозир биз истеъмол қилаётган товарларни тайёрлаб бермоқда. Инсоннинг асосий вазифаси эса дастурий таъминотни етказиш, лойиҳалаштириш ва технологик рақамлаштиришга айланмоқда. 

“Биз шунчаки меҳнат бозори учун ишчиларни тайёрламаймиз. Аксинча, халқаро компанияларда аҳамиятли лавозимларни эгаллашга тайёр бўлган мутахассисларни етиштирамиз. Битирувчиларимиз ўқишни тугатиши биланоқ иш билан таъминланади. Сабаби, ҳозирда дунё бўйлаб юқори малакали кадрларга бўлган талаб ортмоқда”, дея қайд этди Мартинов.

Ректорнинг маълум қилишича, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалида мутахассисликлар сонини ошириш ҳам мақсад қилинган. Унга кўра, нефть ва газ ишлаб чиқариш учун машина, ускуналар, автоматика каби йўналишлар қўшилиши мумкин.