16:55 / 19.11.2017
21278

Олий лига. «Локомотив» — икки карра чемпион! Кумуш медаль учун йил тўқнашувида «Насаф» ғолиб

Ўзбекистон чемпионатининг энг муҳим учрашувларидан бири 29-турда бўлиб ўтди ва унда «Насаф» ўз уйида «Пахтакор»ни қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Биринчи бўлимнинг сўнгги қисмида аввалига Бобур Абдуҳолиқов жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимда дастлаб Драган Черан «Пахтакор» ҳимоячисининг қўлига тўп тегиши натижасида белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб ҳисобни оширди. Кейинроқ Лобановнинг қўпол хатосидан сўнг Абдураҳимов ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Драган Черан яна бир тўп киритиб, якуний натижани ўрнатди. 4:0 — «Насаф» чемпионликни бой берган бўлишига қарамасдан, чемпионатни иккинчи ўринда якунлаб, келгуси йили ОЧЛда қатнашиш имкониятини қўлга киритди. «Насаф» сўнгги тур олдидан 62 очкога эга, «Пахтакор» эса 56 очко билан 3-ўринда қолмоқда.

«Локомотив» эса Самарқандда «Динамо» меҳмони бўлди ва шу ерда навбатдаги ғалабани тантана қилди.

Биринчи бўлимда Марат Бикмаевнинг дубли, иккинчи бўлимда унинг бир голи, шунингдек Санжар Шоаҳмедов ва Жалолиддин Машарипов томонидан киритилган голларга Аднан Ораховац биргина гол билан жавоб қайтарди.

Натижада 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган «Локомотив» очколари сонини 67тага етказиб олди ва яқин таъқибчиси «Насаф»ни беш очкога ортда қолдириб, мамлакат чемпиони деган номни кетма-кет иккинчи марта қўлга киритди.

29-туридан қолган яна бешта учрашув ҳам бўлиб ўтди ва унда асосан олдиндан кутилган ҳисоблар қайд этилди. «Бунёдкор» ўз уйида «Бухоро»ни қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, «Сўғдиёна» ўз уйида «Қўқон»га қарши 9 киши бўлиб ўйнашига қарамай сўнгги дақиқаларда киритилган гол эвазига ғалабани илиб кетди. Умуман Тошкентдаги учрашувдан бошқа барча тўрт учрашувда ҳам бир хил 2:1 ҳисоби қайд этилди.

Олий лига, 29-тур

«Насаф» – «Пахтакор» 4:0 (1:0)
Голлар:
Бобир Абдухолиқов (43), Драган Черан (58, пенальти, 90+1), Баҳром Абдураҳимов (77).

«Насаф»: Санжар Қувватов, Акмал Шораҳмедов, Азизжон Ғаниев (Дилшод Раҳматуллаев, 89), Одилжон Ҳамробеков, Баҳром Абдураҳимов, Игорь Голбан, Фаррух Сайфиев, Бобир Абдухолиқов (Ислом Кенжабоев, 63), Драган Черан, Жасур Ҳасанов (Мақсуд Каримов, 79), Умар Эшмуродов.
«Пахтакор»: Александр Лобанов, Владимир Козак, Марко Симич (Шерзод Аъзамов, 77), Камолиддин Тожиев, Ҳожиакбар Алижонов, Ростин Гриффитс, Жамшид Искандеров, Тиаго Безерра, Шерзод Каримов (Жасур Яхшибоев, 59), Гиди Канюк (Суҳроб Нуруллоев, 59), Игорь Сергеев.

«Динамо» – «Локомотив» 1:5 (1:2)
Голлар:
Аднан Ораховац (32) — Марат Бикмаев (9, 19, 86), Санжар Шоаҳмедов (58), Жалолиддин Машарипов (77).
«Динамо»: Михаил Наумов, Миркомил Локаев, Акмал Бозоров, Жасур Азимов, Абдумалик Абдуллае, Шохрух Холматов, Алексей Николаев, Искандар Холмирзаев, Аднан Ораховац, Фарҳод Тожиев, Дониёр Исмоилов
«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Кахи Махарадзе, Марат Бикмаев, Садриддин Абдуллаев, Сардор Мирзаев, Тимур Кападзе (Азизбек Омонов, 70), Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев, Санжар Шоаҳмедов, Жалолиддин Машарипов.

«Бунёдкор» – «Бухоро» 3:0 (1:0)
Голлар:
Шоҳруҳ Гадоев (12, 56), Ислом Қобилов (61).

«Нефтчи» – «Машъал» 2:1 (1:1)
Голлар: Мўйдин Мамазулумов (8), Авазбек Ўлмасалиев (51) - Шаҳзод Шайманов (13).

«Қизилқум» – «Металлург» 2:1 (1:0)
Голлар:
Миржалол Қосимов (5), Артур Геворкян (68) - Муҳаммаджон Султонов (53).

«Олмалиқ» – «Навбаҳор» 2:1 (1:0) 
Гол:
Санжар Рихсибоев (13), Игорь Йелич (89, пенальти) - Остон Ўрунов (90+1).

«Сўғдиёна» – «Қўқон-1912» 2:1 (0:1) 
Голлар:
Умид Қодиров (64), Умид Қодиров (90) - Мурод Холмуҳаммедов (28, пенальти).
Четлатиш: Ихтиёр Тошпўлатов (27), Азамат Исроилов (89, иккаласи — Сўғдиёна).

Top