12:15 / 23.11.2017
18474

8 ўрин учун 14 даъвогар. ЕЧЛда кейинги босқич учун кимда қандай имконият қолди?

Фото: Спорт Экспресс

22 ноябрь оқшомида Европа Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичининг 5-тури якунланди. Натижалардан сўнг, 8 жамоа расман кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлишса, қолган 8 ўрин учун 14 жамоа кураш олиб бормоқда. Демак, 10 жамоада баҳорни ушбу турнирда бошлаш учун умуман имконият қолмаган.

А ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 2

Имкониятлар: «МЮ» – 99 фоиз, «Базель» – 61 фоиз, ЦСКА – 40 фоиз

Европа Лигасига: ЦСКА

Сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетган «Базель» Москвада «Бенфика» устидан ғалаба қозонган ЦСКА имкониятларини пасайтириб юборди. Энди руслар сўнгги турда швейцарияликлардан кўпроқ очко тўплашлари керак бўлади. ЦСКА 6-турни «Олд Траффорд»да ўтказишини инобатга олсак, бу жуда ҳам қийин.

«Манчестер Юнайтед» 12 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди ва айтиш керакки, деярли плей-офф масаласини ҳал қилдилар. «МЮ», «Базель», ЦСКА жамоалари бир хил 12 очкодан қўлга киритган тақдирларида ҳам, аввало, шу уч жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинларга қаралади. «МЮ»да асосий рақиблар билан ўйинларда тўплар нисбати +5, «Базель»да -1, ЦСКА да эса, -4. Демак, «МЮ» олти тўп фарқ билан мағлубиятга учрамаса, гуруҳда қолиб кетмайди. Ҳатто 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан ҳам Моуриньо шогирдлари гуруҳдаги 1-ўринни сақлаб қоладилар.

Кейинги тур: «МЮ» – ЦСКА, «Бенфика» – «Базель»


В ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: Йўқ.

Гуруҳ ғолиблари: «ПСЖ», «Бавария»

Европа Лигасига: «Селтик»

Ушбу гуруҳдан плей-оффда қатнашадиган жамоалар қуръа пайтидаёқ аниқ бўлиб улгуришганди. Шундай бўлди ҳам. Сўнгги тур фақат гуруҳ ғолибини ва Европа Лигаси йўлланмаси соҳибини аниқлаб беради.

Немислар гуруҳда 1-ўринни эгаллаш учун ўз майдонларида «ПСЖ» устидан тўрт гол фарқи билан ғалаба қозонишлари керак бўлади. Ўз навбатида, «Андерлехт» Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун «Селтик»ни ўша ҳисобда мағлуб этиш керак. Зеро шотландияликлар Бельгияда 3:0 ҳисобида устун келгандилар.

Кейинги тур: «Бавария» – «ПСЖ», «Селтик» – «Андерлехт»

 

С ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 1

Имкониятлар: «Рома» – 90%, «Атлетико» – 10%

Европа Лигаси: «Атлетико»

Озарбойжондаги ғалабадан сўнг, «Челси» кейинги босқичга чиқди. Аммо гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш айниқса, инглиз жамоаси учун жуда муҳим. Чунки агар «Челси» гуруҳда иккинчи ўринни олса, плей-оффда «Барселона» ёки «ПСЖ»га тўқнаш келиш имконияти 70 фоизга тенг бўлиб қолади. Чунки, бошқа рақиб бўлиши мумкин бўлган жамоалар АПЛ вакили («Бешиктош»дан ташқари) бўлиш эҳтимоли юқори. Маълумки, нимчорак финалда бир давлат вакиллари тўқнаш келишмайди.

Хуллас, «Челси» ўз майдонида «Атлетико» устидан ғалаба қозониши талаб этилади. Мадридликлар эса, кейинги босқичга чиқиш учун Лондонда ғалаба қозонишлари ва «Қорабоғ»нинг Римда очко олишидан умид қилишларига тўғри келади. «Қорабоғ» эса, ҳозирча фақат «Атлетико»дан очко оляпти холос. 

Кейинги тур: «Челси» – «Атлетико», «Рома» – «Қорабоғ»

 

D ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 1

Имкониятлар: «Ювентус» – 80%, «Спортинг» – 20%

Европа Лигаси: «Спортинг»

«Барселона» гуруҳдаги 1-ўрин масаласини ҳам ҳал қилди. Иккинчи йўлланма учун «Ювентус» ва «Спортинг» кураш олиб боради. «Спортинг» гуруҳдан чиқиш учун «Камп Ноу»да «Барселона» устидан ғалаба қозониши, бу ҳам етмагандек, «Ювентус»нинг Грецияда очко йўқотишини кутиши керак бўлади.

Кейинги тур: «Барселона» – «Спортинг», «Олимпиакос» – «Ювентус»

 

Е ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 2

Имкониятлар: «Ливерпуль» – 80%, «Севилья» – 80%, «Спартак» – 40%

Европа Лигаси: «Спартак»

«Спартак» сўнгги турда «Энфилд»да ўйнайди ва фақат ғалаба қозонсагина, кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Бу ўйиндаги бошқа ҳар қандай натижа «Ливерпуль» ва «Севилья»ни кейинги босқичга олиб чиқади.

Ўз навбатида, «Севилья» нариги ўйинга диққатини чалғитмаслик учун Мариборда ғалаба қозониши кифоя. Уч очко испанларга 1/8 финал йўлланмасини тақдим этади.

Кейинги тур: «Ливерпуль» – «Спартак», «Марибор» – «Севилья»

 

F ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 1

Имкониятлар: «Шахтёр» – 60%, «Наполи» – 40%

Европа Лигаси: «Наполи»

Манчестерликлар гуруҳ ғолиби, шу билан бирга Гвардиола шогирдлари иккинчи ўрин масаласини ҳам ҳал қилишлари мумкин. Сўнгги турда «Сити»ни ўз уйида қабул қиладиган «Шахтёр» ҳеч бўлмаса, 1 очко олишга мажбур. Акс ҳолда, «Фейенорд»га сафар қиладиган «Наполи» очколар бўйича украиналикларга етиб олишади. Ўзаро ўйин бўйича «Наполи»нинг устунлиги бор.

«Фейенорд»га қарши ўйинда иккинчи таркибни туширган Гвардиола сўнгги турда ҳам худди шу ишни амалга ошириши шубҳасиз, зеро ўша ўйиндан уч кун ўтиб Манчестер дербиси бўлиб ўтади. Демак, барчаси «Шахтёр»нинг ўз қўлида.

Кейинги тур: «Шахтёр» – «Манчестер Сити», «Фейенорд» – «Наполи»

 

G ГУРУҲИ

Бўш ўринлар сони: 1

Имкониятлар: «Порту» – 55%, «Лейпциг» – 45%

Европа Лигаси: «Лейпциг»

Қизиқ ҳолат юзага келди. Иккинчи ўрин учун кураш олиб бораётган икки жамоа сўнгги турда умуман очко керак бўлмаган икки жамоани қабул қилади. Албатта, яхшироқ натижа қайд этган жамоа гуруҳда 2-ўрин соҳибига айланади.

Албатта, «Порту»нинг имконияти бироз баландроқ, чунки биринчидан, уларнинг рақиби гуруҳ аутсайдери «Монако», иккинчидан, очколар ҳозиргидек тенг бўлиб қолган ҳолатда, «Лейпциг» билан ўзаро ўйинларда португалияликларнинг натижаси яхшироқ.

Кейинги тур: «Порту» – «Монако», «Лейпциг» – «Бешиктош»

 

H ГУРУҲИ

Бўш ўринлар йўқ.

Европа Лигаси: «Боруссия» Дортмунд

Бу гуруҳда фақат Европа Лигаси йўлланмаси тақдири ҳал этилмаган. Ҳатто 1-ўрин масаласи ҳам маълум, чунки, «Тоттенҳэм» мағлубиятга учраган тақдирда ҳам, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, «Реал»дан тепада туради.

Фақат ўзаро ўйинларда икки бор 1:1 ўйнаб, бошқа очко тўплай олмаган «Дортмунд» ва «АПОЭЛ» учинчи ўрин учун «курашадилар». Ҳозирча, тўплар нисбатига кўра, немислар олдинда, сўнгги турдан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак.

Кейинги тур: «Реал» – «Боруссия», «Тоттенҳэм» – «АПОЭЛ»

Top