Англия: «МЮ» аутсайдер билан ўйинда 3 та гол устунлигини бой берди

«Ковентри Сити» — «Манчестер Юнайтед» 3:3
Пеналтилар серияси — 2:4.
Голлар: Симмс (71), О'Ҳэр (79), Райт (90+5, пеналти) — Мактоминей (23), Магуайр (45+1), Фернандеш (58).
«Ковентри» – Коллинз, ван Эвейк, Латибодер (Таварес 63, Годден 106), Китчинг (Бинкс, 63), Томас, Бидуэлл (Дасилва, 80), Шиф, О`Ҳэр, Экклз (Торп, 63), Райт, Симмс.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Магуайр, Каземиро, Уан-Биссака, Фернандеш, Мактоминей (Форсон, 103), Майну (Эриксен, 72), Гарначо (Антони, 66), Рэшфорд (Диалло, 90+7), Ҳойлунд. 
Огоҳлантиришлар: Томас (82), Онана (85), Дасилва (111).

«МЮ» еврокубоклардаги иштирокини эрта тўхтатганди, кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этишдан умид узган ва лига кубогини «Нюкасл»га йирик ҳисобда ютқазиб (0:3) тарк этган. Жамоа мухлислари учун ягона юпанч Англия Кубоги бўлиб қолган. Финалга чиқиш учун Чемпионшипнинг саккизинчи ўриндаги жамоаси — «Ковентри Сити»ни мағлуб этиш талаб этиларди.

«Юнайтед»даги муаммоларга қарамай, бу ўйинда фаворит аниқ эди. Лекин жамоа таркиб борасида ҳам, ўйин борасида ҳам муаммолар гирдобида қолган: тен Ҳаг жароҳат туфайли ҳимоя чизиғида Варан, Эванс, Мартинес, Линделёф ва ҳатто Камбвалани ўйната олмайди. Шу туфайли мудофаа марказига Магуайр билан Каземиро жуфтлигини туширишга тўғри келди. Қолаверса, Ҳарри «Борнмут»га қарши ўйинда оғриқ билан ўйнаган ва бир ҳафта давомида машғулотларда иштирок этмаганди.

Аввалига «Ковентри» умуман ҳужум қилиш ҳақида ўйламади, ташаббусни тўлиқ топширди (22-дақиқагача тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 22 фоиз эди), бутун таркиб бўлиб майдоннинг ўз қисмида қолди ва прессинг уюштирмади. Бундай тактика анча вақтгача иш берди ва рақиб ҳужумчилари ҳеч нарсага эриша олмади.

Барчаси 23-дақиқада ўзгарди, Далот олис устун томон ажойиб пас узатди, «Ковентри» дарвозабони ҳам, ҳимоячилари ҳам тўпга ета олмади. Мактоминей эса тўғри позиция танлаб, мавсумдаги 10-голини урди. Кейин эса Магуайр бурчакдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлаб, савиядаги фарқни кўрсатиб қўйди.

Иккинчи бўлим бошида эса Бруну рақиб жарима майдонида тўпни эгаллаб олиб, тўпни рикошет орқали яқин бурчакка аниқ йўналтирди. Кўпчилик учун ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди, аммо бу мавсумдаги «МЮ»га шундай ҳолатда ҳам ишониб бўлмасди, жамоа бунгача кўп марта ўз қўлидаги ғалабани бой берганди.