Фан-техника | 19:15 / 30.11.2017
21804
7 дақиқада ўқилади

Орзу технологияси. 1988 йили қуёш энергетикаси ҳақида нималар дейишган? 

Фото: Getty Images

Американинг Forbes журнали 1988 йил 12 декабрда қуёш энергетикаси ва янги технологиялар истиқболлари ҳақида мақола чоп этган эди. Унда бугунги кунда кенг қўллаш бошланган қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳақида фикрлар билдирилган. Қуйида ўша мақола билан танишиш имконига эгасиз.

Қуёш энергиясидан кенг миқёсда фойдаланиш — амалга ошиши учун кўп бор орзу деб ўйлайсизми? Аммо Золтан Кисс сўзларига ишонадиган бўлсак, ундай эмас. Chronar компанияси асосчисининг айтишича, қуёш энергия тез орада бошқа электр энергияси ишлаб чиқарувчи манбалар билан рақобатлаша бошлайди.

Золтан Кисс 10 йил давомида меҳнат қилган ишини охирига етказиш арафасида. У Нью-Жерси штатидаги Chronar Corp. фирмаси президентидир. Кисс Chronar компаниясида кремнийли фотоэлементларнинг АҚШдаги энг йирик ва муваффақиятли ишлаб чиқаришини йўлга қўйди. 30 см.га 90 см бўлган панеллар ёруғликни электр энергиясига айлантиради. Chronar шу орқали харажатларини тез орада қоплайдиган кўринади. 

Почта орқали буюртмалар берувчилар, аллақачон, Chronar компаниясининг ҳеч бўлмаганда битта маҳсулотини яхши билади. Булар қуёш батареялари негизида ишлайдиган боғ чироқларидир. Аммо Chronar бундан ҳам муҳимроқ ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. У жаҳон электр энергияси бозорида ўз ўрнига эга бўлишни хоҳламоқда.

Фото: Getty Images

«Аморфли кремний технологиясини ишлаб чиқиш учун биз ишлаб чиқариш жараёнини аниқлаб олишимиз керак эди. Шундан сўнг, мавжуд бўлмаган ускунани ишлаб чиқишимиз, ундан кейин маблағ топиб, корхонани ишга туширишимиз талаб этиларди. Сиз ишлаб чиқаришни йўлга қўймагунча, маҳсулотни ололмайсиз, ахир. Бизнинг бу даражага чиқишимизга 10 йил вақт талаб этилди», — дейди Кисс.

Фотоэлектрик қурилмалар аллақачон фазода ўз самарадорлигини намойиш этиб улгурган. Аммо харажатлар жуда катта бўлгани сабабли уларни ишлаб чиқариш саноатини йўлга қўйиш секин ривожланмоқда. Ҳаммаси шиша, пўлат, алюминий ёки пластик устида микроскопик тарзда юпқа аморф нокристалл қопламалар ишлаб чиқилганидан сўнг тезлашди. Таннарх камайгани сари қуёш энергияси, атроф-муҳит ва энергия манбалари билан боғлиқ муаммолар эътиборга олинса, энг қулай манба бўлиб қолади. 

Фотоэлектр элементлари ишлаб чиқариш соҳасида бошқа фирмалар ҳам бор. Булар Arco Solar, Energy Conversion Devices ва Amoco Solarex бўлими. Бироқ Chronar копанияси рақибларидан анча илгарилаб кетди в фотоэлектр қурилмаларни саноат услубида ривожлантирмоқда. Chronar бевосита ёки хориждаги қўшма корхоналар иштирокида йилига 10 000 киловатт энергия ишлаб чиқара олади. Келаси йилда бу рақамни икки карра кўпайтириш режалаштирилган. 

Албатта, бугунги кун меъёрлари билан ҳисоблаганда 10 минг киловатт унчалик ҳам кўп эмас. Чунки анъанавий электростанция 600 000 киловатт/соат энергия ишлаб чиқаради. Аммо Эдисоннинг Перл Стритдаги биринчи станцияси ҳам бир вақтлар атиги 360 киловатт/соат энергия ишлаб чиққанини унутмаслик керак.

Chronar айни вақтда ривожланиш арафасида турибди. 1986 йили 1 млн доллар айланма маблағ билан иш бошлаган Chronar ўша йилнинг ўзида пулини 11 млн.га, 1987 йилда 17 млн долларга етказди. 1988 йилни 35 млн билан якунлашни кўзлаб турибди. 1989 йил маблағини 70 млн доллардан ортиққа етказиш режалаштирилган. 

Chronar савдо кўрсаткичларининг ўсиши қисман қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи қурилмаларини шохобчаларига сотиш билан боғлиқ. Аммо компания тобора тайёр маҳсулотни кўпроқ ишлаб чиқармоқда. Йўлаклар ва боғлар учун чироқлардан ташқари компания реклама тахталари учун ёритгичлар, йўлларни ёритиш воситалари ҳамда саноат бозорлари учун сув насослари ишлаб чиқаради. 

Фото: Fotolia

Энг асосийси, Chronar сўнгги беш йилда сарфлаган 20 млн долларни бу йил қоплайди. «10 йил мобайнида биз ривожланиш босқичида бўлдик, — дейди Кисс. Энди биз зарар кўрмаслик даражасига чиқаяпмиз ва фойда кўришни кутаяпмиз».

Асл касби физик бўлган Кисс жонажон Венгриясидан 1950 йилда 17 ёшида кўчиб кетиб, Торонто университетида фан номзоди даражасини қўлга киритди. 1960 йиллар бошида Нью-Жерси штати Принстон шаҳридаги RCA лабораториясида квант электроникасидаги тадқиқотларга раҳбарлик қилди. У 1969 йили Optel номли суюқкристалли дисплейлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания очиш учун илмий изланишларни тарк этди. 1976 йили Mitsubishi компанияни харид қилганидан сўнг, ундан ҳам кетди. Олим фотоэлектр технологиялар соҳасида ўз бизнесини очишга қарор қилди ва 1976 йили Chronar компаниясини ташкил этиш учун ўз маблағидан 40 минг доллар сарфлади. 

Кисснинг баёнот беришича, Chronar 50 кВт.гача бўлган электр энергиясининг киловаттини 25-35 центдан ишлаб чиқарадиган дизель генераторлар билан рақобатлаша олади. Аммо ҳақиқатда эса, катта бозорни эгаллаш вазифаси турибди. Кисснинг айтишича, бу бозорда кенг қамровли кўмирли ва ядро ёқилғисидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи тизим ишлайди. Уларнинг энергияси 1 кВт*соати 7 центдан сотилади. Агар фотоэлектр технологиялар бу қийматдан арзонлаша олса, энергия салоҳияти шунчалик улканки, уни баҳолаб бўлмайди. Бироқ Chronar компаниясининг узоқни кўзлаган улкан орзуларини барча бирдек баҳолаётгани йўқ. 

Кисснинг қайд этишича, фотоэлектрлик модулли технологиядир. Сиз ҳажмни кўпайтириш учун катта-катта заводлар қуришингиз талаб этилмайди. Сиз шунчаки панеллар қўшасиз ва уларни бирлаштирасиз. Маҳаллий энергия тармоғига ҳам уланиш шарт эмас. Фотоэлектр қурилмалари ўз-ўзидан самарали ва мустақил ишлаши мумкин. Chronar компаниясининг ўзи ҳам 60 киловаттли станцияни Нью-Жерсидаги бош қароргоҳи томида жойлаштирмоқда. У ишлаб чиққан энергиянинг бир киловатти 20 центга яқинни ташкил этади. 

Йирик электр энергияси бозорида рақобат қилиш учун Chronar кўпроқ натижага эришиши керак бўлади. Фотоэлектр энергиясини ишлаб чиқаришда асосий харажатлар панелларни ишлаб чиқариш ва уларни жойлаштириш учун харажатлардир. Гарчи, Chronar бу каби харажатларни 1/3 га қисқартиришга эришган бўлса-да, бу етарли эмас. Яқинда Chronar Pacific Gas Electric компаниясиинг шўъба корхонаси Bechtel билан қўшма корхона очишга келишди. Бундан ташқари, Sheet Metal Workers пенсия жамғармаси билан ҳам автоматлаштирилган ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш учун 25 млн долларлик келишувга эришди. 

Мавзуга оид