Жамият | 11:24 / 04.12.2017
13928
3 дақиқада ўқилади

100 кунлик хулосалари. Маънавият ва маърифат маркази раҳбари билан интервью

Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилганди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарорида шу ҳақда сўз боради.

Шу кунларда марказ фаолиятига 100 кун тўлди ва унинг режалари билан яқиндан танишиш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров билан суҳбат уюштирилди. Унинг айтишича, иш фаолиятида самарадорликни ошириш учун аввало, аҳил жамоа ва ходимлар раҳбар қўл остида жамланган.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров/Kun.uz

«Биз аввалги услуб сингари жойларга бориб, масалаларни муҳокама этиш, тарғибот қилиб, тушунтиришлар бериш етарли эмаслигини белгилаб олдик. Эндиликда ҳудудий ёндашган ҳолда, бевосита маҳаллаларга кириб, уйма-уй юриб, аҳолининг муаммо ва камчиликларини ўрганиш ҳамда илмий асосланган ечимларни таклиф этиш - олдимизга қўйилган катта вазифа», дейди раҳбар.

Алишер Қодировнинг таъкидлашича, «​бутунлай бошқа муаммо билан яшаётган аҳоли олдига бориб, бошқа масалани тарғиб этиб масаланинг ечимига эришдим, деб айтиб бўлмайди»​.

«Айрим вилоят, ҳудуд ва маҳаллаларнинг ўзига хос тарафлари борки, айнан шу омил масалага бошқа кўз ва томондан ёндашувни талаб этади. Бугунги кунда маънавиятга бўлган таҳдид ўзгарди», дея қўшимча қилган у.

Алишер Қодиров бир вақтнинг ўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Туркиянинг Эгей университети битирувчиси бўлмиш Қодировнинг фикрича, дастлабки таҳлиллар маънавият ва маърифат иқлимини яхшилаш учун икки омилга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

«​Синфхонадаги партанинг синиқлиги, хаританинг йўқлиги ўқитувчининг иши эмас, балки у таълим ва меҳр бериш билан банд бўлсин. Худди шунингдек, ота-она боласига вақт ажрата олмаяпти. Айниқса она ишлайдиган бўлса, бола ўз билганича кун кечиришни бошлайди. Бу билан ёш она ишламасинми? Асло, ишлайверсин, аммо қонунчиликда шундай бир нарсани назардан қочирмаслик керакки, она боласининг мактабда нима билан машғул экани, унинг қўшимча вақтда қандай дарс тайёрлашига вақт ажратишга имкон топсин.

Фото: Kun.uz

Қолаверса, 6 ёшгача бўлган болаларнинг айрим ҳолатда тўйиб овқатланмаслиги, келгусида унинг характерида жиззакилик, жаҳлдорликни келтириб чиқаради. Мактабларда сифатли ва тўғри овқатланиш учун имконият бор, аммо бунинг ўзи етмайди»​, деб фикр билдирган у.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

 

Мавзуга оид