Швейцария элчиси: Хусусий секторни ҳукуматдан бутунлай озод қилиш керак
Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливье Шав Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, элчи хусусий секторлар фаолиятини ҳукуматнинг бошқа тармоқларидан эркин қилиш иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди. Оливье Шав бу ҳақида "Сув технологиялари ва сув хўжалиги – WATER-2017" халқаро кўргазмасида Kun.uz мухбири билан бўлган интервью вақтида маълум қилди.
"Ҳозирги кунда бўлаётган ўзгаришлар мени ҳайратда қолдирмоқда. Шахсан мен ҳукумат томонидан амалга оширилаётган 2017-2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегияси инвестиция иқлимини тизимли яхшилашда ёрдам берувчи барча муҳим жиҳатларни қамраб олган. Хусусий сектор учун катта аҳамият касб этган аниқ йўналиш — бу юридик тизимнинг ривожланишини кузатмоқдаман. Бу соҳани ҳукуматнинг бошқа тармоқларидан бутунлай мустақил қилиш лозим. Мен учрашаётган корхона вакиллари ва сармоячилар айнан мана шундай таклифлар билан келишади", дейди Оливье Шав.
Шунингдек, Швейцария элчиси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.
"Биз Ўзбекистон билан жуда яхши дўстона алоқа ўрнатганмиз ва айнан Швейцария Ўзбекистон мустақил деб эълон қилинганидан бир ҳафта ўтгач, дипломатик алоқаларни ўрнатган давлатлардан бири ҳисобланади. Эндиликда бу ҳамкорлик турли соҳаларда ўз аксини топмоқда. Масалан, бизнинг хусусий секторимиз узоқ вақтдан бери Ўзбекистонга сармоя киритишни бошлаган. Ҳамкорлик яна икки жабҳада амалга оширилмоқда – биз Вашингтондаги Жаҳон банки ва Европа тараққиёт банкида бир гуруҳдамиз. Яъни, у ерда Швейцария ва Ўзбекистон битта сайлов гуруҳи таркибига киритилган. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида жуда яхши конструктив сиёсий ҳамкорлик мавжуд. Умид қиламанки, ўзаро муносабатларимиз кундан-кунга яхшиланиб боради", дея қўшимча қилди элчи.
Эслатиб ўтамиз, 2016-2017 йилларда Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази ҳамда “Аdelphi” немис консультацион бюроси билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда сув муаммосини қайта кўриб чиқиш: ҳаракатсизлик баҳоси ва сув хўжалигидаги ҳамкорликнинг афзалликлари” тадқиқотини амалга оширди.