Жаҳон | 10:20 / 07.12.2017
5227
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон парламенти диний партиялар ташкил этишга тақиқни қонунийлаштирди

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси «Виждон эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида»ги қонунга тузатишлар киритди ҳамда мамлакатда диний партиялар тузишни расман тақиқлади.

Тузатишларга кўра, Тожикистонда диний таълимни фақат давлат таълим муассасаларида олиш мумкин, дея айтиб ўтди парламент депутати Жаббор Аҳмадов.

Тожикистон ўз ҳудудида диний партия кўп йиллар давомида фаолият юритган минтақадаги ягона давлатдир. Тожикистон Исломий уйғониш партияси (ТИУП) СССР парчаланиб кетишидан олдин тузилган бўлиб, 2015 йилнинг кузида давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатида иштирок этиш айблови билан ёпилган.

Қонунга киритилган яна бир тузатиш, мамлакатда диний сиёсатни шакллантиришда давлатнинг устунлигини таъминлайди. Бир неча йилдан бери давлат диний соҳани бошқариш функцияларини ўз зиммасига олди. Ҳозирги пайтда Тожикистоннинг Уламолар кенгаши давлат томонидан тўла назорат қилинмоқда ва имомлар давлат хизматчилари сифатида маош олади.

Қонунга киритилган янги тузатишлар бўйича, маҳаллий ҳокимият органларига маҳаллий тадбиркорлар номларини янги масжидларга қўйишга рухсат бермаслик вазифаси топширилди. Масжидларда ислом дунёсида машҳур бўлган шахсларнинг исмлари бўлиши керак, дейди Жаббор Аҳмадов. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид